Юртимиз муҳим сиёсий жараён - Конституцияга ўзгариш ва қўшимча киритиш бўйича референдумга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Айни мавзудаги навбатдаги суҳбатдошимиз – Буюк Британиянинг Оксфорд университети магистратура босқичида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати Муштарий Мадраҳимова.
- Бош қомус инсон ҳаёти учун қанчалар зарур ва муҳим ҳужжат, деб ўйлайсиз?
- Конституция фуқаро учун барқарорлик, эртанги кунга ишонч манбаи. Шу билан бирга миллий ўзига хослик ва бирлик рамзи, чунки Қомус жамиятнинг умумий қадрияти ва интилишини акс эттиради. Барча ҳужжатлар учун асос ягона олий юридик ҳужжат мавжудлиги фуқарога қулайлик туғдиради, давлат қонунчилиги ҳақида умумий тасаввур пайдо қилиб, ҳаракат йўналишини аниқ белгилаб олиш имконини беради.
Буюк Британияда ягона ёзма Қомус мавжуд эмас. Бу давлатнинг асосий қонуни вақт ўтиши билан ривожланган турли қонун, конвенция ва анъаналар мажмуасидир. Фикримча, ҳукуматнинг асосий тамойили ва тузилмасини акс эттирувчи аниқ ҳужжат – Конституция йўқлиги ҳуқуқий масалада ноаниқлик ва чалкашликка олиб келиши мумкин. Англияга талаба сифатида оилам билан узоқ муддатли сафар режалаштираётганимда, дастлаб, шу давлат тартиб-қоидаси, умумий қадрияти ва тамойилини акс эттирувчи ягона ҳужжат билан танишиб чиқишни ўйлаганман. Тўғриси, Конституция йўқлиги айрим масалаларда ноқулайлик туғдирган, тартиб-қоидани ўрганиш учун анча вақтим кетган. Бошқа томондан, албатта, ҳар бир давлат учун ягона Конституцияга эга бўлиш-бўлмаслик, ушбу давлат фуқароларининг танлови.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиняпти. Хорижда ўқиётган ёшларимиз бу жараён ҳақида қандай фикрда?
- Мамлакатимиздаги ислоҳотлар менга Ҳиндистон Конституцияси меъморларидан бири – доктор Амбедкарнинг “Конституция, шунчаки, ҳуқуқшуносларнинг ҳужжати эмас, бу ҳаёт воситаси ва бу ҳужжат руҳи ҳар доим давр руҳидир", деган сўзларини эслатади. Амбедкар Конституция вақт ўтиши билан ривожланиб, мавжуд қадриятни сақлаган холда, муайян жамиятнинг интилишини, одамларнинг ўзгарувчан эҳтиёжи ва талабини акс эттириши, яъни ҳар қандай даврнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитига мос тушиши керак, деб ҳисоблаган. Ўйлайманки, янгиланаётган Конституция шиддат билан ўзгараётган воқеликда мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи, глобал дунёнинг турли чақириқларига муносиб жавоб берувчи ҳужжат сифатида майдонга чиқади.
Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ходимлари томонидан Қиролликда таълим олаётган талабаларга ислоҳот моҳияти, референдум тартиби, элчихона қошида сайлов участкаси ташкил этилгани, муддатдан олдин овоз бериш тартиби ҳақида маълумот бериб бориляпти. Онлайн ва офлайн учрашув, давра суҳбати уюштириляпти. Талабалар айни сиёсий жараёнда фаол иштирок этишини билдириб “Биз бефарқ эмасмиз” шиори остида видео лавҳалар тайёрламоқда.
Хорижий ОАВда экспертлар мақолаларини кўряпман. Ўйлайманки, хорижда ўқиётган ватандошларимиз ҳам ислоҳот жараёнида фаол. Масалан, мисрлик бир курсдошим ҳам ушбу воқедан хабардорлиги мени ҳайрон қолдирди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги Конституциявий ислоҳот Миср матбуотида кенг ёритиляпти. “Бу ўзгаришлар ўзбекистонлик тенгдошларим ҳаётида муҳим аҳамият касб этгани боис, жараённи кузатиш мен учун қизиқ, дейди хорижлик талаба дўстим.
- Умуман чет элда референдум қандай ташкил қилиняпти?
- Референдумда овоз бериш ҳуқуқимиз ва албатта, фуқаролик бурчимиз, масъулиятимиз ҳам. Менга доим қизиқ туюладиган бир факт бор: айрим давлатларда овоз бериш мажбурий. Масалан, Австралия, Бельгия, Миср, Сингапур қонунчилигида овоз беришда қатнашмаслик учун жазо чораси белгиланган. Бу, табиийки, жараён иштирокчилари сонини ошириш механизми ҳисобланади. Ўзбекистонда эса бундай мажбурият, қатъий чора йўқ. Демак, чет элдаги ватандошларимизнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунга қадар чет эллардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналаримиз ҳузурида 55 та референдум участкаси ташкил этилди. Хусусан, Буюк Британия, Ирландия, Исландия, Норвегиядаги фуқароларимиз Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида очилган 9-сайлов участкасида овоз беришади. Бу ҳудудлардаги ўзбекистонликлар сайлов ҳуқуқини таъминлаш мақсадида дипломатик ваколатхонамиз участка сайлов комиссияси томонидан “Bournemouth”, “Bexley” ва бошқа туташ шаҳарларда истиқомат қилаётган фуқароларимиз учун 22-23 апрель кунлари муддатдан олдин овоз бериш имкони яратилади. 30 апрель куни бу ёқда ўқиётган, ишлаётган ватандошларимиз қатори мен ҳам референдумда иштирок этиб, овоз бераман.
- Конституцияга киритилаётган ўзгаришлардан хабарингиз бўлса керак, Шахсан, сизга маъқул жиҳатлар ҳақида нима дейсиз?
- Мутахассислигим ҳуқуқшунос, ўзим давлат хизматчиси бўлганим учун лойиҳани диққат билан ўрганиб чиқдим. Эътиборимни тортган айрим жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Лойиҳада “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил қилади”, деб ёзилган. Бу моддада эътиборимни тортган асосий масала Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ҳақидаги норма.
Қанчалик равон ёзилган бўлмасин, агар ишламаса Конституциядан ҳеч кимга наф йўқ. Олий юридик кучга эга ҳужжат ва қабул қилинган қонун, қонун ости ҳужжатлари бир-бирига зид бўлмаслиги керак. Бу ҳар қандай ҳуқуқий давлат амал қиладиган устувор қадрият.
Айрим ҳолларда Конституцияда белгиланган ҳуқуқни амалга ошириш имкони бўлмайди. Сабаб – муайян тартибни белгиловчи тегишли ҳужжат қабул қилинмаган. Бу ҳуқуқшунослар тилида “оқ доғ”, деб аталади. Лойиҳада, айнан, шунинг олди олиняпти. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсам, фуқароларимиз Конституцияда белгиланган имтиёз ёки ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлганда, давлат идоралари ходимлари томонидан “ҳали тартиби ишлаб чиқилмаган” ёки “юқоридан бизга хат келмади” қабилидаги баҳоналарни рўкач қила олмайди.
Яна бир масала бор. Бу ерда банк, суғурта агентлиги, таълим ташкилоти ва бошқа муассасаларда ишлаётган юртдошларимизни ҳам тез-тез учратаман. Уларнинг баъзилари “олий ўқув юртини тугатиб, давлат ташкилотида 3-6 ойлаб юрганмиз, турли баҳоналар билан ишга олишмаган, айримлар очиқча пул сўрашган” дейишади.
Шу маънода янги таҳрирдаги Конституциянинг 37-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадир” деб белгиланиши жуда муҳим.
Айни ҳолат конституциявий ҳуқуқ даражасига кўтарилиши давлат хизматига киришдаги коррупция унсурлари, непотизм, фаворитизм каби иллатларнинг олдини олади. Давлат хизматига киришда номзодга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқ тенглиги кафолатланади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасида Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароит яратиши белгиланмоқда.
Бу жуда илғор норма. Ҳуқуқшунослар интернетдан фойдаланиш давлат томонидан аҳолига кўрсатилиши шарт бўлган телекоммуникация хизмати сифатида баҳоланади. Интернет фуқароларга давлат ва жамият ҳаётида фаол бўлиш, ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатини амалга ошириш имконини беради.
Шу сабабли инсоннинг реал ҳаётдаги ҳуқуқи виртуал оламда ҳам рақамли акс эттирилиши шарт, деган фикр, ҳуқуқшунослар орасида тобора кўпроқ тарафдорларга эга бўлиб бормоқда. Яъни, онлайн режимда инсон ҳуқуқи ва эркинлиги офлайндан кам бўлмаслиги керак. Интернетга киришни янги "рақамли" авлод ҳуқуқи, дейиш мумкин. Ўзбекистон эса мазкур ҳуқуқни Конституция даражасида мустаҳкамлаётган илк давлатлар қаторига қўшиляпти.
Умуман, янги таҳрирдаги Конституцияда жуда кўп янгилик мавжуд. Нормалар 275 тадан 434 тага ошгани кўп таъкидланяпти. Асосийси, инсон ҳуқуқи ва эркинлигига оид қоидалар уч ярим баробар кўпаймоқда. Мен юқорида кўпроқ ўзимни қизиқтирган айрим жиҳатлар ҳақида гапирдим. Мазкур илғор қарашлар, нормалар қабул қилинадими йўқми, буни биз, Ўзбекистон фуқаролари 30 апрель куни ҳал қиламиз. Ўйлайманки, юртдошларимиз ўз танловини ижобий ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ҳолда муносабат билдиришади.
Гўзал Сатторова, ЎзА