Конституция фаровон ҳаётимиз кафолати
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқида мамлакатимиз асосий қонунини такомиллаштириш бўйича янги-янги ғоялар, ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари илгари сураётган ташаббуслар моҳиятини жамиятимизда кечаётган қизғин жараёнлар негизида таҳлил қилсак, уларнинг нақадар жиддий аҳамиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Масалан, узоқ йиллар давомида биринчи навбатда давлат олдида турган вазифа ва муаммоларни ҳал қилиш, муҳим жараёнларга давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиш, шундан сўнггина жамият ва инсон турмуши билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш амалиёти ҳукм сурди. Шу сабабдан амал қилиб келаётган барча ҳуқуқий ҳужжатларда давлат манфаатлари устуворлиги кўзга ташланади. Кейинги йилларда эса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ислоҳотларнинг бош қоидасига айлантирилди. Келажакда ушбу тамойил асосида амалга ошириладиган ўзгаришлар тенденциявий тус олиши учун энг аввало “инсон – жамият – давлат” тамойилини конституцион норма сифатида мустаҳкамламоқ зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди. Шу боис, Президентимиз томонидан Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Президентимизнинг: “Ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин” деган фикрлари, айниқса, бугунги кунда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилаш лозимлиги қайд этилди. Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш масаласи кўтарилди. Бу ишларнинг замирида фақат ва фақат инсон манфаатлари мужассам бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш жараёнида жамиятнинг ҳар бир аъзоси олдига муайян вазифалар қўйилмоқда. Бугунги кунда барчамиз фуқаролик масъулиятини чуқур англаб етган ҳолда мазкур жараёнда фаол иштирок этишимиз, асосий ҳужжатга киритиладиган ўзгартишлар юзасидан ўз фикр ва таклифларимизни билдиришимиз муҳимдир.
Хуршидахон Халилова,
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати.
ЎзА