Ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ўз мазмун-моҳияти билан “инсон – жамият – давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси конституциясини қабул қилди. Бу давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Янги таҳрирдаги конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошди. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпайди. Таъкидлаш жоизки, амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланди.
Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳужжатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгиланиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири сифатида қайд этилди.
Жумладан, давлат бошқаруви ва хизмати соҳасида ҳам илк маротаба қатор нормалар киритилди. Давлат хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тенг ҳуқуқлиги Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилиши давлат органлари ва ташкилотларини малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлаш билан бирга, соҳани янада ривожлантириш ҳамда сифат кўрсаткичларининг ошишига хизмат қилади. Натижада салоҳиятли кадрларнинг тизимли бошқаруви асосида ҳукумат ва халқ ўртасида ўзаро мустаҳкам ишонч пайдо бўлиб, мавжуд муаммоларнинг бартараф этилиши ҳамда янги марралар сари дадил одимлашга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга эришилади.
Халқни рози қилиш, бугунги кунидан шукроналик ҳисси билан яшаши учун етарли шарт-шароитларни яратиш, турмуш фаровонлигини ошириш Янги Ўзбекистоннинг энг асосий стратегияси ва бош мақсадига айланди, десак асло муболаға бўлмайди. Бунинг ёрқин далили сифатида халқимизнинг уй-жой билан боғлиқ бўлган ҳақ-ҳуқуқлари конституциявий қонунга алоҳида модда сифатида киритилганлиги, ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, аҳолининг ижтимоий жиҳатидан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминланиши бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилганлиги аҳамиятлидир.
Шунингдек, Бош қомусимизда меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Жумладан, аёлларнинг ижтимоий ҳимояси ва гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ҳамда халқимизнинг кўплаб хоҳиш-истаклари конституцияга киритилган ўзгартиришларда ўз аксини топди.
Хулоса қилиб айтганда, конституция юртимиз тараққиёти, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти гаровидир. Энг муҳими, янги конституциямизда асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилган.
Ҳаётбек Акбаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Андижон филиали раҳбари ўринбосари.
ЎзА