Конституция билимдонлари аниқланди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ҳамда Навоий вилоят юридик техникуми ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда вилоятнинг 11 та туман ва шаҳрида ўтказилган танловнинг саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган билимли, ташаббускор ва фаол ёшлар бош қомусимиз бўйича ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этдилар.

Танлов иштирокчилари учта шарт асосида ўзаро беллашдилар.
Дастлабки “Конституция – менинг тақдиримда” шартида ёшлар Бош қомусимизнинг инсон ҳаёти, таълим олиш, ўз иқтидорини рўёбга чиқариш ва келажакни белгилашдаги аҳамиятини ижодий тақдимотлар орқали ёритиб бердилар.
Савол-жавоб босқичида иштирокчиларнинг Конституция нормалари, амалдаги қонунчилик, шунингдек, “Адолат” СДП Устави ва Сайловолди дастурига оид билимлари синовдан ўтказилди.
“Конституция менинг тасаввуримда” деб номланган ижодий шартда эса ёшлар инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари юзасидан ўз қарашлари, таҳлиллари ва таклифларини баён этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг нафақат назарий билимларини, балки мустақил ва танқидий фикрлаш, нотиқлик маҳорати, ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда ўз позициясини ҳимоя қилиш қобилиятини ҳам баҳолаб бордилар.
Беллашув якунига кўра, 1-ўринни Навоий шаҳридаги 12-ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳинабону Назаралиева, 2-ўринни Зарафшон шаҳри вакили, Навоий юридик техникумининг 2-босқич талабаси Беҳруз Маҳмудов ва 3-ўринни Конимех тумани вакили, Навоий юридик техникумининг 2-босқич талабаси Ҳилола Қўлдошова қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчиларга “Адолат” СДП Навоий вилояти Кенгашининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири