Конституция билимдонлари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоятидаги “Дўрмон” ижод уйида Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини ўстиришда, энг аввало, мамлакатимиз Бош қомуси ва қонунларини билиш ҳамда уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили ўтказиб келинаётган анъанавий танлов ўтган даврда эришилган бой тажриба ва бугунги кундаги ижобий самараси билан мамлакатимиз ёшларнинг катта қизиқиши ва эътирофига сабаб бўлмоқда.
[gallery-10081]
Ёш авлодни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билими, онги ва маданиятини янада юксалтиришни мақсад қилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда “Ёшлар парламенти” аъзолари, фаоллар, ОАВ вакиллари ҳамда кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда партия аъзолари сафида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ортмоқда. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг халқимиз, хусусан, эртамиз эгалари орасида танилиб бораётганининг далолатидир.
Рақамларга қаралса, бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 542 минг нафардан зиёдни ташкил этиб, шундан 250 минг нафари, яъни 46 фоиздан ортиғини, айнан ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзоларининг 45 нафари партиядан сайланган ёшлардан иборат.
Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Камола Юсупова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА.