Конституцион ўзгаришлар – ёшлар нигоҳида
Конституция ҳам замонга, глобаллашув жараёнларига, аҳолининг талаб ва истаклари, эхтиёжларининг ўзгаришларига қараб такомиллаштирилиб борилади.
Шундан келиб чиқиб, муайян вақт ўтганда давлатнинг Асосий қонунига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб бориш ҳаётий заруриятга айланиб боришини тушуниш мумкин.
Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар пресс клубида “Конституциявий ислоҳотлар – ёшлар нигоҳида” мавзусида республика семинари ташкил қилинди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Конституциявий комиссиянинг матбуот котиби Одилжон Тожиев, Агентлик директори Алишер Саъдуллаев, агентликнинг марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, жами 11 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Конституциямизни такомиллаштириш жараёнида ёшларнинг иштирокини янада кучайтириш, ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати билан боғлиқ асосли таклифларни шакллантириш ғоят муҳим. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида жами 50 мингга яқин таклифлар келиб тушган бўлса, шундан, 70 фоизини ёшлар ташкил қилган. Аҳолидан тушган таклифлар асосида Конституциянинг янгиланган лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди. Унда жами 128 та модданинг 64 тасига ўзгартиш киритилиши ва 6 та янги модда қўшиш таклиф этилмоқда.
Семинарда Конституция лойиҳасида ўзгаришлар асосан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, тадбиркорлик ва хусусий мулк, интеллектуал мулк, ахборот, ижтимоий, тиббиёт ва экология, илм-фан, таълим-тарбия, ёшлар ва суд-ҳуқуқ соҳаларида таклифлар келиб тушганлиги, лойиҳанинг мазмун-моҳиятидан ёшларимизнинг хабардор бўлишлари учун кенг кўламда ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш, ёшларимиз бундай сиёсий жараёнларда фаол бўлишларига ундаш борасидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтказилган семинарда иштирокчилар Конституциявий ислоҳотлар юзасидан билим-кўникмаларга эга бўлиб, ушбу жараёнда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишда ёшлар ташкилотларининг биргаликда фаолият олиб боришига келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА