Конимехлик ёш чегарачилар ғолиб бўлди
Зарафшон шаҳридаги ҳарбий қисм полигонида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, иродали, мард ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, спорт билан шуғулланувчи ёшларни саралаш мақсадида ўтказилган мусобақада, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларидаги умумтаълим мактабларининг “Ёш чегарачилар” тўгараклари аъзолари иштирок этди.


Жамоалар машқ бажариш, югуриш, турникда тортилиш, отиш, қуролларни йиғиш ва қисмларга ажратиш каби шартларда ўзаро беллашди.
Шунингдек, интеллектуал тестларда ўз билимларини синаб кўрди. Якунда 1-ўринни Конимех туманининг “Темур издошлари”, 2-ўринни Зарафшон шаҳрининг “Шижоат” ва 3-ўринни Учқудуқ туманининг “Қалқон” жамоалари эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, бир гуруҳ фаол ёшлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири