Кон-металлургия тарихига оид янги китоб
Навоий давлат кончилик институтида “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Навоий давлат кончилик институтида “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда китоб муаллифлари, профессор-ўқитувчилар, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ва мутахассислар, талабалар иштирок этди. “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби соҳанинг тажрибали мутахассислари: техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақулов ҳамда тарих фанлари номзодлари Х.Раупов ва О.Хаитова томонидан ёзилди. Китоб саккиз бобдан иборат бўлиб, унда кон-металлургия соҳасининг энг қадимги давридан то бугунги кунгача бўлган тадрижий ривожланиш йўли кенг ёритилган. Соҳа тарихини ёритишда археология, шарқшунослик, манбашунослик, геология ва фан тарихига оид тадқиқотлардан кенг фойдаланилган.
Тадбирда Навоий давлат кончилик институти доценти, геология-минерология фанлари номзоди А.Тўраев, “Металлургия” кафедраси катта ўқитувчиси А.Арипов, “Кончилар ҳаёти” газетаси муҳаррири Н.Садриддинов ва талаба-ёшлар китобнинг аҳамияти, унда республикадаги кон-металлургия саноатининг йирик корхоналари, уларнинг ташкил этилиши ва бугунги кундаги фаолиятига кенг ўрин ажратилганлигини эътироф этди. Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинатлари фаолияти, жумладан “Мурунтов”, “Қалмоққир” конлари тарихи ва улар билан боғлиқ бошқа кўплаб маълумотлар берилганлиги алоҳида таъкидланди.
– Бугунги тадбир таассуротларга бой бўлди, – дейди Навоий давлат кончилик институти талабаси Х.Тўхтаев. – Биз янги китобдан кўплаб маълумотлар олдик. Бу китоб ёшларни Ўзбекистон кон-металлургия тарихини ўрганишга, изланишга, ўқишга, энг муҳими китоб билан ошно бўлишга ундайди.
Тадбирда ёш олимлар ва талабаларнинг саволларига муаллифлар томонидан жавоб қайтарилди.