Компенсация пули 10 кунда тўлаб берилади
Тошкент вилоятида 755 та нотурар жой давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиниб, айни пайтга қадар 96 та мулк эгасига 40 миллиард 540 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули тўлаб берилган.
Тошкент вилоятида 755 та нотурар жой давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиниб, айни пайтга қадар 96 та мулк эгасига 40 миллиард 540 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули тўлаб берилган.
Қолган 659 та нотурар жой учун ҳисоблаган 146 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пули эса ҳали тўлаб берилмаган.
Хўш, мулк эгаларига бу пуллар қачон берилади?
Нурафшон шаҳрида “Иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг Тошкент вилоятидаги ижроси: таҳлил ва натижалар“ мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бунга аниқлик киритилди.
Жумладан, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари О.Рустамов мазкур компенсация пуллари 10 кун муддатда тўлаб берилишини маълум қилди. Қайд этилишича, бюджетдан ажратилган 146 миллиард сўмдан ортиқ маблағ вилоятнинг тегишли ҳисоб рақамига тушириб берилган. Ушбу маблағ 10 кунда тегишли мулк эгаларига берилади.
Журналист ва блогерлар, вилоят, туман ва шаҳар иқтисодий мажмуаси мутасаддилари иштирок этган анжуманда вилоятда тадбиркорлик, бандлик, пул-кредит, экспорт каби қатор йўналишлар фаолияти таҳлил қилинди.
Айни пайтда вилоятда қарийб 37 мингта тадбиркорлик субъектлари, 21 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда.
Вилоятда 7 минг 150 дан ортиқ фаолият юритмаётган, мингдан ортиқ ўз аризасига кўра тугатилаётган корхона мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида 3 минг 75 та фаолият кўрсатмаётган корхона фаолияти тикланиб, мазкур корхоналар томонидан 3 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўланган.
Шу даврда вилоят иқтисодиёт тармоқларига 261 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб, модернизация ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳисобига 10 мингга яқин янги иш ўрни яратилган.
Жорий йил вилоятда 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтга қадар 19 мингта янги иш ўрни яратилган. Шу билан бир қаторда, мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолияти тугатилиши ҳисобига 7 минг иш ўрни ёпилган.
Халқаро молия институтлари кредит маблағи ҳисобидан 2018-2019 йилларда вилоятда 149 та лойиҳани амалга ошириш учун 108,6 миллион доллар кредит йўналтирилган. Айни пайтга қадар 76 лойиҳа учун 57,3 миллион доллар кредит ажратилган.