Компенсация пуллари кимларга берилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ун нархини давлат томонидан назорат қилиш тўхтатилди.
Долзарб мавзу
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ун нархини давлат томонидан назорат қилиш тўхтатилди. Шу билан бирга, фуқароларни ушбу амалиётнинг кескин таъсирларидан сақлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида шу йил 1 октябрдан ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси 22 минг 300 сўмдан 50 минг сўмга оширилди.
Республика бўйича жами 1,7 миллион нафар фуқаро учун тўланаётган пул компенсацияси миқдори ошди. Шунингдек, пул компенсацияси олувчи тоифалар сони 2 тага кўпайиб, 11 тоифага етказилди, яъни 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшимча равишда 64,9 минг нафар фуқаро ҳамда 218,1 мингта оилага илк маротаба пул компенсацияси жорий қилинди.
Қанча юртдошимиз компенсация олади?
Пенсия жамғармаси орқали пул компенсацияси олувчилар сони 1,4 миллион нафарни, маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали пул компенсацияси олувчилар сони эса 514,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Пул компенсация олувчи аҳоли қаторига қўшимча икки тоифа қўшилиши натижасида пул компенсацияси олувчилари сони 18,5 фоизга ошиб, жами 2 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Компенсация тўлови учун қанча маблағ сарфланяпти?
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан олинган маълумотларга кўра, вазирлик томонидан шу йилнинг октябрь-декабрь ойларида пул компенсацияларини янги миқдорларда тўлаш учун қўшимча тарзда 189 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди (Пенсия жамғармаси томонидан тайинланган пенсия ва нафақа олувчилар учун 125 миллиард сўм ва маҳаллалар томонидан тайинланадиган нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар учун 64 миллиард сўм).
Умумий ҳисобда нон компенсациялари тўлови учун жорий йилда Республика бюджети ҳисобидан 604 миллиард сўм ажратилган.
Пенсия жамғармаси томонидан 3 октябрда октябрь ойи пул компенсацияси учун (22 минг 300 сўмлик миқдорда) тўлов ведомостлари шакллантирилиб, Халқ банки ва тижорат банклари томонидан тўловлар амалга оширилганлиги сабабли, оширилган миқдори фарқи (яъни 27 минг 700 сўм) бўйича 15 октябрда қўшимча ведомостлар тузилиб, ойнинг 27 санасига қадар тўланиши таъминланди.
Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган энг кам ёшга доир пенсия (436 150 сўм) миқдорида пенсия олувчиларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.
Қарорга мувофиқ пул компенсациялари пенсия ва нафақа тўловлари билан бир вақтда амалга оширилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга октябрь ойида 22 минг 300 сўм миқдорида пул компенсациялари тўланган ҳамда ошган миқдорлари фарқи ноябрь ойи билан бирга 77 минг 700 сўм миқдорида тўланган (яъни 27 минг 700 сўм октябрь ойи учун қўшимча ва ноябрь ойи учун 50 000 сўм).
Мазкур тўлов янги жорий этилган 14 ёшгача болалари бўлган нафақа олувчи оилаларга жорий йил 1 октябрдан тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи фуқароларга пул компенсациялари жорий йилнинг 10 ноябрь санасига қадар тўлиқ тўланиши таъминланди.
Компенсациялар қандай назоратга олинган?
Пенсия жамғармасида пенсия ва нафақа олувчиларнинг ягона электрон базаси яратилган бўлиб, компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга пул компенсациялар автоматик равишда тайинланади.
Шунингдек, ҳар ойнинг 3 санасига қадар тўлов ведомостлари дастурий мажмуа орқали шакллантирилиб, тижорат банклари ҳамда Халқ банкига электрон шаклда юборилади. Банк пластик карталари орқали олувчиларнинг ҳисоб рақамларига компенсациялар инсон омилисиз ҳар ойнинг бошида автоматик равишда юкланади.
Тўловларни нақд пул шаклида олувчиларга компенсациялар Халқ банки сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар билан бирга етказилади. Бунда фуқарога компенсация тўланганда Халқ банки сайёр кассаси ходими томонидан дастурий мажмуага маълумот киритилади ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан автоматик равишда пенсионернинг телефон рақамига бу ҳақда СМС хабар юборилади. Бу орқали фуқарога СМС хабар келган, бироқ компенсация тўланмаганлиги ҳолатлари аниқланади.
Бундан ташқари, Пенсия жамғармаси масъуллари пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар билан учрашиб, тўлов ҳолатларини мониторингдан ўтказиши борасидаги янги тизим ҳам фуқаролар учун қулайлик туғдиради. Мониторингларда аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ўрнатилган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилади.
Шу билан бирга, фуқаролар пул компенсацияси тўлови билан боғлиқ саволлари бўлса, Пенсия жамғармаси (1140 рақамли) ёки Халқ банкининг (1106) “Ишонч телефон”ларига мурожаат қилиши мумкин.