Компаниялар фаолияти самарадорлиги йўлида
Пойтахтимизда Person Hunters компанияси томонидан персоналларни ўқитиш ва ривожлантириш, корпоратив маданият ва иш берувчининг брендига оид энг яхши амалиёт масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Person Hunters компанияси томонидан персоналларни ўқитиш ва ривожлантириш, корпоратив маданият ва иш берувчининг брендига оид энг яхши амалиёт масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси, Республика Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур конференция ишида мамлакатимиз ва бир қатор хорижий давлатларнинг соҳа мутасаддилари, бизнес вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда кадрларни тайёрлаш, уларнинг касб салоҳиятини муттасил ошириш масалаларига доимий эътибор қаратилмоқда. Олий ва ундан кейинги таълимни тубдан ислоҳ этиш юзасидан тизимли ишлар мутахассисларни тайёрлашда сифат ва самарадорликни янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, бизнес ва тадбиркорлик йўналишида кадрлар салоҳиятига эътиборни кучайтириш, бу борада илғор усул ва технологияларни жорий этиш, илғор хорижий давлатларнинг амалий иш тажрибасини ўрганиш, таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Юртимизда Person Hunters компанияси салкам ўн йилдан буён самарали фаолият кўрсатмоқда. У меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, аутсорсинг хизмати, маркетинг тадқиқотлари, ташкилий консалтинг, персоналларни ўқитиш ва ривожлантириш каби йўналишларда хизмат кўрсатиб келади. Мазкур конференция ҳам персоналларни ўқитиш ва ривожлантириш, корпоратив маданият ва иш берувчининг брендига оид энг яхши амалиёт масалалари бўйича юртимиз ва хорижий мутахассисларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун кенг имконият яратди.
– Биз рақамлашган ахборотлашган тезкор даврда яшамоқдамиз, – деди “Апостроф-Медиа“ компаниясининг ривожлантириш бўйича директори, бизнес-тренер Татьяна Ананьева (Россия). – Ҳаётимиз муттасил ривожланиб бораётган илғор технологиялар, роботлар, сунъий ақлий воситалар билан лиммо-лим тўлиб тошган. Бугунги кунда иш жараёнида мутахассис ёки кадрда шунчаки оддий ходимни эмас, балки унинг эҳтиёжи, орзу-истаклари, истеъдоди, интилишлари, мақсад-муддаолари, салоҳияти уйғун персонални кўриш ғоят муҳимдир. Марказий Осиёда азалдан ўзгаларни ҳис этиш, уларга хайрихоҳ бўлиш, муомала, мулоқот маданияти мукаммал йўлга қўйилган. Технологияларнинг устуворлиги ва кадрларнинг ижодий-интеллектуал имконияти, салоҳиятини ҳамоҳангликда кўра билиш, уйғунлаштира олиш муайян компанияга муваффақият олиб келиши билан бирга одамларга, жамиятга ҳам наф келтиради. Демакки, бу жиҳат бизнес учун ҳам фойдалидир. Бугунги конференцияда ходимлар билан ишлашда энг илғор усул ва технологиялар муҳокама этилиши билан бирга соҳага тааллуқли лойиҳаларнинг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.
Конференцияда иштирокчилар ходимни ўқитиш ва ривожлантиришнинг илғор услублари, корпоратив маданият ва коммуникациялар мавзусида шўъбаларга бўлинган ҳолда замонавий ёндашув, технологияларни батафсил муҳокама қилди. Бизнес вакиллари бу борада ўзаро тажриба, фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.
Анжуман доирасида энг яхши иш берувчилар анъанавий “Employer Brand Award – 2019“ мукофотининг ғолиблари тақдирланди, “Бизнес – натижа“, “Инновациялар“, “Иш берувчининг имижи“, “Истеъдодларни ривожлантириш“, “Очиқ мулоқот“, “Хайрли ишлар“, “Йил ютуғи“ каби номинациялар бўйича совриндорлар ҳам аниқланди .