Коммунал соҳадаги масалалар муҳокама этилди
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туман ҳокимлигида туманда коммунал соҳада олиб борилган ишлар ва режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ҳокимнинг уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Нурматов соҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, соҳада олиб борилаётган ишлар аввало, хатлов ўтказиш, оқсаётган йўналишларни аниқлаш ва аниқ режа-дастурлар ишлаб чиқиш билан бошланган бўлиб, 11 ой давомида тармоқнинг барча кесимларида тизимли лойиҳалар амалга оширилган.
Хусусан, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳудудни тозалаш ва ободонлаштириш бўйича 469 минг 163 квадрат метр жойда санитар тозалаш ва 172 минг квадрат метр жойда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, 42 минг 867 дона кўчат ва 671 минг дона мавсумий гуллар экилган.

Иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан 29 та корхона ва 13,8 километр тармоқ жорий, 4,2 километр тармоқ мукаммал таъмирланган.
Янгиҳаёт тумани оқова сув тармоқлари бўлими томонидан эса 2 минг 450 пм янги тармоқ қурилиб, 140 пм эскирган тармоқ мукаммал таъмирланган. Шунингдек, Янгиҳаёт тумани кўча ёритиш тизими бўйича 2,4 километр тармоқ замонавий кабелга алмаштирилиб, 3,6 километр янги тармоқ тортилган ва 228 дона янги ёритгич ўрнатилган.
Анжуман давомида туман мутасаддилари фуқароларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

Гулноза Бобоева, ЎзА