Кўмир таъминоти ҳоким эътиборида
Мамлакатимиз ҳудудларига кириб келган совуқ ҳаво оқими сабаб аҳолини иккиламчи ёқилғи билан таъминлаш долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу борада хонадонларга кўмирни ўз вақтида етказиб бериш муҳим аҳамиятга эга.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамият вилоят филиалининг Давлатобод ва Тўрақўрғон туманларидаги кўмир омборларида бўлиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 июлдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2024-2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган вилоятида аҳоли хонадонларига “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамият томонидан жами 183,6 минг тонна кўмир етказиб берилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда вилоят кўмир омборлари томонидан mycoal.uz платформаси асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари орқали аҳоли хонадонларига кунлик 1600-1750 тоннагача кўмир етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда истеъмолчиларга кўмирнинг тоннаси 309 800 сўмдан сотилмоқда. Давлатобод туманидаги Ровустон кўмир сақлаш ва тарқатиш омборидаги иш жараёнларини ўрганиш чоғида вилоят ҳокими томонидан аҳолининг қиш мавсумида кўмир таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш юзасидан ишларни янада тезлатиш юзасидан тегишли мутасаддилар зиммасига топшириқлар юклатилди.

Жорий куз-қиш мавсумида Тўрақўрғонда 17 минг 112 тонна кўмирга эҳтиёж борлиги аниқланган бўлиб, ҳозирга қадар 13 минг 300 тонна ёқилғи аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига тарқатилди. Вилоят ҳокимининг топшириғига мувофиқ 670 тонна кўмир келтириладиган бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА