Комил Синдаровдан ўнинчи детектив китоб
Пойтахтимизда таниқли ёзувчи Комил Синдаров қаламига мансуб “Сургун”даги саргузаштлар” номли навбатдаги детектив асар тақдимоти ўтказилди.
Детектив ёзувчи Комил Синдаровнинг шогирдлари, яқин қариндошлари, ноширлар ва адабиёт ихлосмандлари йиғилган адабий кеча “Сургун”даги саргузаштлар” детектив қиссаси асосида ишланган махсус саҳна асари билан бошланди.
Тадбирда Комил Синдаровнинг устози, шогирдлари ва мухлислари ижодкорнинг асарлари хусусида сўз юритди. Детектив ёзувчи асарларида ҳолат, воқеаларга ёндашувда профессионаллик кузатилиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Чунки Комил Синдаров асосан ўзи кўрган, билган ва эшитганлари ҳақида, аниқ фактларга таянган ҳолда ёзади. Унинг ёзганлари шуниси билан қизиқ. Ёзувчи асарларида ортиқча пафос ва меъдага тегувчи уйдурмалар йўқ.
Тақдимоти ўтказилаётган китоб адибнинг ўнинчи китоби. Ҳар бир китоб бири иккинчисининг давоми тарзда ўқилади. Шунинг учун ҳам детектив асарлар мухлислари китоб дўконларидан муаллиф китобларини барчасини сотиб олиб ўқишга иштиёқманд.
Комил Синдаров китобнинг ёзилиш тарихи, қизғин жараёнлар билан ўртоқлашди. Учрашув сўнгида адиб мухлисларига дастхат туширилган китоб тақдим этди.

Янги китоб “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан икки минг нусхада Феруза Қувонова муҳаррирлигида чоп этилган.
Китоб ҳақида унинг дебочасида шундай дейилган: “Комил Синдаровнинг китоблари бугун ўз ўқувчисига эга туркум асарлар сирасига кириб улгурди. Ёзувчининг соҳа вакили эканлиги аксарият китобхонларга аён, билмаганлар эса асар мутолаасидаёқ муаллифнинг соҳани яхши билишини англайди.
Бу жиҳатни таъкидлашимизнинг сабаби айнан шу нуқта муаллиф асарларининг муваффакият гаровидир. Ёзувчи қаламга олган жиноят тури давр учун аҳамиятсиз мавзу эмас, иккинчидан, ижтимоий вокелик қайта такрорланмаслиги учун моҳиятни ошкор қилиш ва уни бор асрори билан кўрсатиш, сўзсиз, кўл силтаб қўядиган мавзу эмас. Навбатдаги мазкур ўнинчи китобда ҳам муаллиф аввалги қаҳрамонлар иштирокини таъминлаган”.
Д.Маматова,
ЎзА мухбири