Бу йил мен учун, меҳнат қилаётган жонажон Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси учун ниҳоятда қувончли келди.
Ўттиз беш йиллик меҳнатим “Меҳнат шуҳрати” орденига лойиқ топилди. Баҳор айёмлари арафасида давлатимизнинг шундай юксак мукофотига сазовор бўлганимдан кўнглим тоғдек юксалди.
Биласизми, шу куни одатдагидек ўз юмушларим билан банд эдим. Телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, бирга ишлайдиган Лолахон Боирова экан. Гўшакни кўтарганимни биламан, ҳамкасбим ҳис-ҳаяжон билан табриклай кетди десангиз. Унинг опа орден билан тақдирланибсиз, ҳозир интернетда кўрдим, деган кутилмаган хушхабари мени тўлқинлантириб юборди. Беихтиёр кўзларимга севинч ёшлари келди. Бундай эътибор ва эътирофни ҳеч кутмагандим. Давлатимизнинг мендек оддий бир кран машинистига қаратган эътиборидан жуда ҳаяжонландим. Ўзимни дунёдаги энг бахтли ва бахтиёр она, ўзбек аёли ва шарафли касб эгаси сифатида ҳис этиб, шу кеча кўзимга уйқу келмади.
Мана шундай қувончли хушхабарлар, табриклар оғушида пойтахтга таклиф этилдим. Давлат мукофотини шахсан Президентимиз қўлларидан олишимни эшитиб, мени ҳаяжоним янада ошди. Негаки, умримда бундай нуфузли тадбирга қатнашмаганман. Ишонасизми, шодон дақиқалар яқинлашган сайин юрагим энтикиб борарди. Даврага юзларида меҳр тўла Юртбошимиз кириб келганларида юрагим янада қалқиди. Ҳис-ҳаяжондан бир амаллаб ўзимни, севинч ёшларимни тийиб турдим. Ва ниҳоят исми-шарифим эълон қилинганда, қушдек енгил бўлиб, Давлатимиз раҳбари ҳузурига қандай борганимни ҳеч таърифлаб беролмайман. Айниқса, Президентимизнинг: эркаклар билан бир сафда, шарафли ва машаққатли ишда ишлар экансиз. Бундай ютуқлар ҳаётингизда янада давомли бўлсин, муваффақиятлар тилайман, деган тилакларидан чексиз руҳланиб кетдим.
Шундан сўнг биз аёлларга кўрсатилган эҳтиромларни айтмайсизми! Буларнинг ҳар бири мен учун олий бахт ва унутилмас воқеадир. Бу мукофотни кўпминг кишилик комбинатим жамоаси, шу жумладан, корхонамизнинг 16 минг нафардан зиёд ҳамда мен меҳнат қилаётган заводдаги 950 нафардан ортиқ хотин-қизлари меҳнатига берилган муносиб баҳо, деб биламан.
Тошкент шаҳридан олам-олам таассуротлар, куч-ғайрат олиб қайтар эканман, эришган ютуқларимга ишонмасдим. Мендек оддий бир касб эгасининг бундай шон-шарафга муносиб кўрилгани, ҳеч шубҳасиз, жамиятимизда хотин-қизларга қаратилган алоҳида рағбат намунасидир. Шундан буён уйимизда, ишхонамда ҳар кун байрам. Табриклашга келаётганлар сафи узилмайди. Улар орасида НКМК раҳбариятидан ҳам алоҳида қутловни қабул қилиб олганимда бошим кўкка етди.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Навоий шаҳридаги 7-сонли касб-ҳунар билим юртини тугатиб, 1985 йилда Навоий машинасозлик заводига ишга келганман ва автотележка ҳайдовчилигига ишга қабул қилинганман. Бу иш бошида ўзимга ҳам эриш туюлган. Гўёки назаримда техникани бошқариш эркакларнинг иши эди. Лекин вақт ўтиши билан техникага меҳрим ошиб борди. Буни кўрган завод маъмурияти менга 1987 йилда кран машинисти вазифасига ўтишни таклиф этди. Шу даврдан буён қудратли техника билан тиллашиб келяпман. Улкан кранни бошқариш севимли касбга айланди. Бутун борлиғимни танлаган ишимга бағишладим, белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажариб келаяпман. Энг муҳими, комбинатга келиб ҳеч кам бўлмадим. Аксинча, ўз ўрнимни, қадрдон ҳамкасбларимни, аҳил жамоамни ва иқболимни топдим. Бу кунларга етказганига, тақдиримга шукроналар айтаман.
Дилдор ТИЛАБОВА,
Навоий машинасозлик заводи кран машинисти,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби