Колумбияда кучли портлаш
Колумбия жанубидаги Каука маъмурий ҳудудига қарашли Эль-Эстречо шаҳрида полиция маҳкамаси яқинида кучли портлаш содир бўлди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида бир одам ҳалок бўлган, олти киши турли даражада тан жароҳати олган. Жабрланганларнинг айримлари оғир аҳволда. Фожиа туфайли яқин атрофдаги турар-жой иншоотлари, савдо мажмуалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар биноларига жиддий зарар етган.
Ҳозир ҳудудда хавфсизлик чораси кучайтирилган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан магистрал йўлнинг муайян қисмида ҳар икки йўналиш бўйлаб ҳаракат тўхтатилди. Натижада минтақавий логистика ва савдо алоқалари вақтинча узилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур туманда ноқонуний қуролли гуруҳлар наркотрафик ва фойдали қазилмаларни пинҳона қазиб олиш жараёни устидан назорат ўрнатиш мақсадида хавфсизлик кучлари ҳамда инфратузилма мажмуаларига мунтазам ҳужум уюштириб келади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА