Журналист суриштируви
Дарё тошқин, сувлар тўлқин ўтолмайманай...
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани “Фаровон” МФЙга қарашли Кўлқамиш қишлоғилик ўқувчиларнинг қўлбола ёғоч кўприкдан минг ҳадик билан ўқитувчилари кўмагида ўтаётганини кўриб, бениҳоя ушбу қўшиқ ёдимга тушди...
Таҳририятимизга ушбу қишлоқ фуқароларининг кўприк масаласида йўллаган мурожаатини ўрганиш мақсадида фотомухбир билан ушбу манзилга тонг қоронғусида отландик. Тоғли довонлардан ошиб, манзил сари яқинлашиб борар эканмиз, енгилгина ёмғир шивалай бошлади. Кўлқамиш қишлоғидан битта олдинги Бойқўрғон қишлоғига етиб борганимизда ёмғир заптига олди ва шаррос қўя бошлади. “Ўра” дарёси қирғоғи бўйлаб давом этадиган йўлдан юриш хавфи эса тобора ортди. Шу ерда тўхтадик. У ёғига юришга юрагимиз бетламади. Чунки шу ерга келганда асфальт йўл тугаб, сирпанчиқ лой йўл бошланганди. Мурожаатчилар билан боғланиб, машина жўнатишини сўрадик. Манзилгача яна тахминан 12-15 километр бор эди.
[gallery-17551]
Тоғлик йигитлар бундай йўлларда юришга мослашиб кетган. Уларнинг машинасида лой йўлдан борар эканмиз, машина инграниб, хавфли чайқалади. Йўлдаги ҳар лаҳзалик хавотир ва таҳлика маҳаллий ҳайдовчилар учун одатий ҳолга айланган. Улар учун болаларининг дарёдан хавфсиз ўтиб, мактабга қатнаши ҳар нарсадан устун турганлиги дастлабки суҳбатларданоқ англашилди.
Ниҳоят қишлоққа етиб бордик. Ёмғир ҳам пасайди.
Қишлоқда юқоридаги Найман қишлоғидаги 49-мактабнинг ҳашар йўли билан қурилган филиали жойлашган. Унда бошланғич синфлардаги 44 нафар ўқувчи ўқийди. Катта синфлар эса асосий мактабга қатнайди. Муаммо шундаки, қишлоқни оралаб “Ўра” дарёси ўтган ва у айниқса баҳор ойларида ниҳоятда пишқириб оқади. Сув сатҳи кескин кўтарилади. Мактабга қатновчи ўқувчилар, кундалик ташвиши билан одамлар дарёдан ўтиб- қайтишга мажбур. Кўприк эса йўқ. Қўлбола ёғоч кўприкни сув сатҳи кўтарилганда оқизиб кетади. Пасайгач яна ўрнатилади. Сўнгги ойлардаги серёғин об-ҳаво бу ташвишларни янада орттирди.
– Қийин аҳволда фарзандларимиз мактабга, келинларимиз роддомга боришади, шундай пайтлари уларни гиламга солиб ўтказамиз, – дейди Гулчеҳра Останақулова. – Набираларимни ёғоч кўприкдан мактабга ўтказиш учун беш километрдан эниб келаман. Мактабдан қайтгунча кутиб тураман. Ўқитувчилари ўтказиб беришади. Қўни- қўшниларникини ҳам олиб кетаман баъзан. Хуллас, ҳар куни хавотирда яшаймиз. Бошқа чора ҳам йўқ. Дарёдаги сув ҳамиша шундай оқади.
Жажжигина ўқувчилар “кўприк” олдида қалдирғочдай тизилиб ҳадиксираб туришади. Ўқитувчилар, баъзан отаси ёки акаси навбатма-навбат ўтказиб қўйишади. Узоқ йиллардан буён ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган кўприк муаммоси ортидан бир неча бор талофат ҳам бўлганини таъкидлайди аҳоли вакиллари.
– Мана шу қўлбола кўприкдан ўтаман деб, бир неча нафар ўқувчилар оқиб кетди, – дейди Абдураҳмон Ҳасанов. – Шахсан набирам ҳам шу куйга тушди. Тан олиш керак, аҳолимиз азият чекмоқда. Юқоридаги қишлоқда ҳам ҳудди шундай ҳолатлар юз берди. Дардимизни кимга айтамиз, йўқотиш жуда ёмон. Мактабимизнинг шароити ҳам жуда оғир. Масофа узоқ. Йўлларимиз ҳам абгор. Шахсан ўзим ҳомиладор келинимни қўшни туманга– онасиникига олиб бориб қўйдим. Сабаби, кўзи ёрийдиган бўлса, шифохонага етказиб боришнинг имкони йўқ. Йўлнинг аҳволини кўрдингиз. Ёғингарчилик кўп бўлган пайтларда ҳафталаб туман марказидан ўзилиб қоламиз. Ҳозир мана дарё яна пишқириб оқяпти. Кўприк йўқ. Дарёнинг у томонида ҳам 80 дан зиёд хўжалик бор, лекин ўтиб бўлмайди. Ҳар йили аҳвол шундай.
Пишқираётган дарё устидаги бу омонат ёғоч – “кўприк”. Шу ёғочдан ўтиб болалар мактабга, одамлар у- бу юмушлар туфайли ҳаракатланишга мажбур.
– Йўлимиз абгорлиги, дарёдан ўтиш қийинлиги давоматга салбий таъсир кўрсатади, – дейди Абдуқодир Эсонов. – Юқоридан учта қишлоқдан 4-5 километр босиб болалар келади. Бу ерда ўқитувчилар навбатчи бўлиб туради. Кейин булар яна юқоридаги мактабга бориши керак. Бу филиал мактаб ҳам ҳашар йўли билан қурилган. Бу ҳам жуда ночор аҳволда. Кўп жойларга мурожаат қилдик, лекин ҳеч натижаси бўлмаяпти. Кўприк бўлса, давомат яхши бўларди. Таълимга жуда салбий таъсир кўрсатяпти.
Деҳқонобод туманининг Фаровон маҳалласига қарашли Кўлқамиш, Найман қишлоқлари аҳолисининг ҳар бир куни шундай ўтади. Неча йилларки, одамлар дарёга қўлбола кўприк ясайди, дарё уни оқизиб кетаверади.
– Ҳақиқатда иккита қишлоғимизда кўприк муаммоси бор, – дейди “Фаровон” МФЙ раиси Илҳом Тошбоев. – Бу бўйича тумандаги тегишли масъулларга билдирганмиз. Келиб ўрганиб кетишган. Амалий ёрдам қиламиз дейишган. Битта кўприкка эҳтиёжимиз бор. Мактаб ўқувилари ҳам, аҳолимиз ҳам қийналмоқда. Бунинг устига йил серёғин келиб, дарё сатҳи кўтарилган пайтда ўтишга қийналамиз. Йўлимиз ҳам муаммоли. Ҳар ёмғирда сел келиб бузилиб кетади. 2 минг нафардан зиёд аҳолимиз бор. Аҳолининг эътирози ўринли.
Дарёдан ўтиш муаммоси туфайли ўқувчилар вақтида мактабга кела олмайди. Ёмғир ёғиб, дарё суви тошган пайтда келмай ҳам қўяверади. Тўғрироғи, ота-оналари хавотирланиб, юборишмайди.
– Бу ёғоч кўприкдан узоқ ҳудуддан келган ўқувчиларимиз ҳам ўтади. Асосий мактаб билан филиал орасида 3 километр масофа бор, – дейди 49-мактаб директори Абдиқаҳҳор Холматов. – Асосий мактаб юқоридаги Найман қишлоғида жойлашган. Муаммомиз кўприк ва йўл. Замонавий типдаги, болаларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган янги кўринишдаги кўприкка жудаям муҳтожмиз. Ўқувчиларимизнинг асосий 70 фоизи дарёнинг нариги томонидан келади. Ўқитувчилар ҳам. Ўқувчиларнинг хавфсизлиги учун жамоа билан келишиб, навбатчилик ташкил қилганмиз. График асосида бириктирилган ўқитувчилар ёғоч кўприкдан болаларни ўтказиб қўйишади. Ҳар куни шу тартибда ишлаймиз. Дарё суви кўтарилган пайтда мактабда давомат масаласи жуда тушиб кетади. Боиси ёғоч кўприкдан ўтиш ниҳоятда таҳликали бўлиб қолади.
Пишқириб оқаётган дарё ва унга омонатгина ўрнатилган қўлбола кўприк. Боласининг мактабга бориши ва қайтишини кутиб, юрак ҳовучлаб кун ўтказаётган ота-оналар. Ҳа, Кўлқамишда бугунги манзара шундай.
Хўш, Кўлқамишлик ўқувчилар қачон мактабга хавотирсиз ва хавфсиз қатнайди? Туман ҳокимлигида бунга ечим борми? Шу саволлар билан туман ҳокимлиги масъулларига мурожаат қилдик.
– Жорий йилнинг 17-19 май кунлари туманимизда кучли ёмғир кузатилгани сабабли, дарёлардан сел келди, – дейди Деҳқонобод туманининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шердил Эргашев. – Бунинг натижасида бир қанча маҳаллаларда, жумладан, Фаровон маҳалласида ҳам аҳоли қўл кучи билан қилинган кўприкларни сел олиб кетди. Туман ҳокимлигида ташкил қилинган ишчи гуруҳ жойига бориб ушбу муаммоларни ўрганган. Ҳақиқатдан ҳозирги кунда аҳоли ва мактаб ўқувчиларининг дарёдан ўтиш масаласи муаммога айланган. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, кўприк қилиб бериш зарур деб ҳисобланган. Фақат молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилгандан сўнг лойиҳа- сметага асосан қурилиш ишлари амалга оширилади.
Масъулнинг изоҳи бизни қониқтирмади. Чунки туман ҳокимлигида ҳалибери Кўлқамишдаги кўприк муаммосини ечиш борасида аниқ-тиниқ режа ёки лойиҳанинг ўзи йўқ. Аммо Кўлқамишга кўприк керак масъуллар. Ҳар ҳолда бугунги ўрганишларимиз ва кузатишларимиз давомида шунга амин бўлдик. Ҳеч бўлмаганда келажак авлод учун шу савобли ишни тез фурсатда амалга ошириш керак.
Мавзуга яна қайтамиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/xcfdx30YrgM?si=inr6C5YL486qsZ-o" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари