Коллекторлар атрофидан самарали фойдаланилмоқда
Бугунги кунда Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедициясига қарашли коллекторлар соҳили бўйларида 317,7 гектар майдон мавжуд бўлиб, ушбу ер майдонларнинг 16,4 гектарида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил боғлар ташкил қилинган.
Бундан ташқари, тумандаги коллектор бўйларининг 12,1 гектар ер майдонлари аҳоли томонидан ижарага олинган. Мазкур майдонларда ҳар-хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозорга йўналтирилмоқда.

Шунингдек, коллектор бўйларининг 1,18 гектарида тадбиркорлар томонидан маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилиб, улардан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Ана шундай табиркорлардан бири Рустам Мирзаев Навбаҳор туманининг “Шабада ирмоқ-5-3” коллекторининг соҳил бўйи ҳудудидан 36 метр майдонни ижарага олиб, “Дурдонахон Рустамовна” оилавий корхонасини ташкил қилди. Айни пайтда тадбиркор томонидан ушбу ҳудудда қурилиш материаллари, хусусан, шлакоблок ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда корхона томонидан кунига 500 дона шлакоблок ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур оилавий корхона томонидан 4 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири