Кўкдала туманида тарвуз пишибди
Бугун омилкор деҳқонларнинг шарофати билан йилнинг исталган мавсумида бозорлар сархил мевалар ва сабзавотларга тўлиқ. Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманилик деҳқонлар ҳам эртачи тарвуз етиштиришда узоқ йиллик тажрибага эга ва йилдан йилга маррани бермай келяпти.
Бу йил ҳам уларнинг иссиқхоналарда парваришлаган тарвузлари пиша бошлабди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ўтган йилда 17 апрелда тарвуз етиштириб, рекорд қўйилган бўлса, бу гал рекорд янада муддатидан аввалроқ ўрнатилган.
Деҳқон Солиҳ Жуманазаров бу ҳосил шунчаки тажриба сифатида бир нечта дона етиштирилганини, оммавий сотиш ва бозорга ҳосил етказиш учун қолган тарвузлар пишиб, етилишига тахминан 15 кундан зиёдроқ муддат борлигини маълум қилмоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йилда Кўкдала туманида 20 минг гектардан ортиқ майдонга тарвуз экилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири