“UZEXPO” марказида бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Бухоро вилояти ҳам ўз павильони билан қатнашмоқда.
Биринчи кунданоқ нафақат халқаро, балки маҳаллий сайёҳлар томонидан ҳам вилоят томонидан ташкил этилган павильонга катта қизиқиш билдирилди. Бухородан мазкур ярмаркага 100 га яқин туризм соҳаси вакили, жумладан, туроператор, меҳмонхона хўжаликлари билан бирга гастрономик йўналишдаги ресторанлар, экотуризм масканлари ва туризм кластерлари ходимлари иштирок этмоқда.


Вилоят тадбиркорлари томонидан бир нечта шартномалар имзоланди.


Япония ва Ҳиндистон давлатларининг туризм соҳаси вакиллари билан учрашув ва келишувлар уюштирилди. Жумладан, Бухоро вилоятининг туризм салоҳияти, чекка ҳудудларда ташкил этилаётган “туризм қишлоқ ва маҳаллалари”, вилоятда сўнгги йилларда янгидан очилган туристик маршрутлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.



Туркманистон Республикаси вакиллари билан зиёрат туризми йўналишида Бухородаги Етти пир қадамжолари бўйлаб комбинацион турлар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири