Наврўз куни Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган “Кўҳинур” санаториясида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси саъй-ҳаракати билан қуриб битказилган 180 ўринли замонавий маданият саройи ва ёпиқ бассейн тантанали тарзда очилди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти, Тошкент вилояти ҳамда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимликларининг масъуллари, Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” манзилли дастурига асосан “Кўҳинур” санаториясида амалга оширилган қўшимча бунёдкорлик ишлари туфайли ушбу масканда дам олувчи ва даволанувчилар учун эътиборга молик кенг қулайликлар яратиб берилди. Янги қуриб битказилган мажмуа керакли замонавий асбоб-ускуналар, анжомлар ҳамда мебеллар билан жиҳозланди.
Ёпиқ бассейннинг қурилиш ишларига 13 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланди.
Сиҳатгоҳнинг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. Президентнинг 2018 йилда Тошкент вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида мазкур санаторияда қурилиш – реконструкция ишлари жадал олиб борилди ва санатория 2019 йилда фойдаланишга топширилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, санатория жойлашган ҳудуди, табиати, ҳавосига кўра, кардиологик, неврологик касалликларни даволаш учун ихтисослаштирилгин.
Бу ерда саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар мавжуд. Биноларда турли хил даво муолажалари– физиотерапия, жисмоний тарбия, массаж, сув билан даволаш, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия, диетотерапия усулларидан кенг фойдаланилмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири