Маълумки, жорий йилнинг 18 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда юртимизда 2 миллион 600 мингта хонадоннинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги таъкидланди ва кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022 йил 1 октябрга қадар кадастр ҳужжатлари йўқ 2, 6 миллион хонадоннинг электрон базаси шакллантирилиб чиқилади ҳамда уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатлар тўпланади ва электрон базага киритилади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов якунларини тасдиқлаш ваколати бекор қилинди. Эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари фермер хўжалигини юритиш учун илгари очиқ танлов асосида берилган бўлса, эндиликда очиқ электрон танлов орқали берилади. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида ҳужжатлар давлат реестридан электрон кўчирма берилади.
Қайд этилишича, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланганда Кадастр агентлиги органлари ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан хабардор қилгандан кейин ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланди.
Шунингдек, қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари ҳам белгилаб қўйилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга ва ногиронлиги бўлган оилаларга электрон онлайн-аукционда ер участкаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қопланади.
“Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига ўзгартириш киритилиб, Кадастр агентлиги Миллий географик ахборот тизимини юритиш соҳасида махсус ваколатли орган ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА