Кўчмас мулкка доир ҳуқуқлар такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларининг қайд этишича, Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтдан буён кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Аммо бугунги кунга келиб, бу ҳужжатларнинг меъёрий-ҳуқуқий негизи тарқоқ эканлиги, ҳатто бир-бирига зид ва ўзаро мос келмайдиган меъёрлар мавжуд эканлиги аниқланди.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида фуқароларнинг ҳуқуқлари Кадастр ташкилотлари томонидан бузилаётгани, хатоликларга йўл қўйилаётганлиги туфайли кўплаб эътирозларга, тушунмовчиликларга сабаб бўлаётганини таъкидлашди. Шу сабабдан Кадастр агентлигининг ваколатларини белгилаш билан бирга мажбуриятларини ҳам белгилаш лозимлигига эътибор қаратилди. Яъни, фуқаролар олдида мажбуриятлари бўлиши кераклиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ қоидалар умумлаштирилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонун шаклига келтирилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА