Маълумки, кўчмас мулк деганда бир жойдан бошқа жойга унинг яхлитлиги ва мақсадли вазифасига зарар етказмасдан олиб ўтиб бўлмайдиган мол-мулк тушунилади. Унинг хусусиятларидан бири кўчмас мулкнинг албатта ер билан боғлиқлиги ҳисобланади. Жорий йилнинг 28 ноябрь куни “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Хўш, янги қонун билан қандай нормалар жорий этилмоқда? Ҳужжат билан Давлат кадастрлари палатаси зиммасига қандай вазифалар юкланди? Бу борада Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бошлиғи Баҳромжон Абдумаликов билан суҳбатлашдик.
–Мазкур қонуннинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Давлат кадастрлари палатаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича масъул орган ҳисобланади. Ушбу орган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этади ва амалга оширади, давлат реестрини юритади, давлат реестридаги ахборотни рухсатсиз фойдаланилишдан, ўғирланишдан ва йўқ қилинишдан ҳимоя қилади, шунингдек қонунда белгиланган бошқа ваколатларни бажаради.
–Кўчмас мулкка бўлган қандай ҳуқуқлар ёки чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур?
–Қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳуқуқ ва чекловлар мавжуд. Булар мулк ҳуқуқи, доимий эгалик қилиш ҳуқуқи, доимий фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи, иккиламчи ижара ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи, кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи, бепул фойдаланиш ҳуқуқи, рента, ипотека, сервитут. Бино-иншоотга мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади.
Ер участкасига нисбатан доимий фойдаланиш, доимий эгалик қилиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи қўлланилади. Ҳозирги кунда ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни давом этаётгани сабабли ер участкасига мулк ҳуқуқи ҳам эътироф этиляпти.
– Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида фуқароларимизга юқоридаги қонун билан қандай имтиёз ёки қулайлик яратилмоқда?
–Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши алоҳида 33-моддада белгиланмоқда. Бунда ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини тасарруф қилишнинг турли ҳолатлари, жумладан, сотиш, ҳадя қилиш, мерос, устав фондига киритиш, устав фондидаги улушини қайтариб бериш мумкин бўлади.
– Фуқаро кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмоқчи бўлса, қаерга мурожаат қилиши керак?
–Бунинг учун Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали гаров хати расмийлаштирилганда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шарт.
Аризада кўчмас мулк объектининг тури, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳуқуқ, унга кадастр йиғмажилди тайёрланган ёки қайта расмийлаштирилган кўчмас мулк объектининг номи ва у тайёрланган сана (мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА