Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси томонидан 8 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Шундай хизматлардан бири кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобланади. Хўш, аслида бу хизмат тури фуқароларимизга нима беради?
– Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқий ҳужжатлар вужудга келган вақтдан эътиборан давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур, – дейди палатанинг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев. – Бунда давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулк объектига нисбатан нотариал ҳаракатлар, яъни, олди-сотди ишлари, ҳадя қилиш, банк орқали таъқиқга олиш, кредит олиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мумкин бўлмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 68-1 моддасига асосан, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар вужудга келган вақтдан бошлаб 1 ой муддат ичида давлат рўйхатидан ўтказилиши мажбурий қилиб белгиланган. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Жорий йилнинг олти ойи давомида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан 21 минг 382 ариза келиб тушган бўлиб, 16 минг 96 та ариза давлат рўйхатидан ўтказилган. 1185 ҳолатда ариза Давлат хизматлари маркази томонидан бекор қилинган. 3 минг 69 аризага рад жавоби берилган. Ҳозирда 46 ариза кўриб чиқилаётган бўлса, 985 ариза тўлов қилиш жараёнида тўхтаб турибди.
Айни пайтда тўлов қилиш жараёнида бўлган фуқаролар билан боғланилиб, уларга ҳуқуқий тушунчалар берилмоқда ва ҳужжатларини тўлиқ қилиб якунлашда кўмаклашилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА