Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда риэлторлик хизматлар бозоридаги талабларни қондириш максадида риэлторлик фаолиятини ривожлантириш, ушбу хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин риэлторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий тенденцияларга ва қонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлигини ўрганиш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Шу мақсадда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан норасмий воситачилар (маклерлар) — якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга “кўчмас мулк бўйича агент” сифатида риэлторлик фаолиятини юритишга рухсат берилмоқда. Кўчмас мулк бозорида рақамли трансформацияни амалга ошириш, риэлторлик субъектларининг тўғри ҳисобини юритиш ва самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида “Риэлторлар субъектларининг ягона реестри” ахборот тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, банкдан ташқари айланмани, шу орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш, риэлторлик хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш мақсадида кўчмас мулк объектларининг электрон савдосини ҳамда ҳисоб-китобларни электрон шаклда амалга ошириш имконини берувчи мультилистинг тизимларини (электрон савдосини) ташкил этиш белгиланяпти.
Лойиҳа билан риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари ўрнини кенгайтириш, уларга янги вазифалар ва ваколатлар бериш ҳам таклиф этилмоқда. Жумладан, риэлторлик субъектларини қонуний йўлга ўтказишда рағбатлантирувчи чора сифатида уларга кўчмас мулк бозорида реклама ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши риэлторлик фаолияти соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, риэлторлик субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, соҳада яширин амалиётларни қисқартиришга хизмат қилади. Кўчмас мулк бўйича агент тоифаси киритилиши орқали яширин бозор қисқариши таъминланади. Соҳада профессионал жамоат бирлашмаларининг роли кенгайиб, рақобатбардошлик ошади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА