Кўчатни экиш эмас, кўкартириш муҳим
Мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш белгиланган. Сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ишлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида яшиллик кўрсаткичи 12 фоизга етди.
Самарқанд вилоятида ҳам йилига 17 миллион тупдан ортиқ кўчат экилиб, янги боғлар, яшил белбоғлар яратилмоқда. Вилоятнинг яшиллик даражаси оширилмоқда.
Жумладан, жорий йил баҳорги мавсумда вилоят бўйича 11 миллион 609 минг туп кўчат ўтқазилди. Самарқанд, Жомбой ва Пайариқ туманларида 7,2 гектар майдонда “Яшил боғ”лар, Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида эса 3,2 гектар майдонда “Яшил белбоғ”лар ташкил этилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жами 10,5 гектар майдонда 16 та “Ҳокимлик боғи” барпо қилинди.
Экилган кўчатларни парвариш қилиш ва суғориш мақсадида 60 километр суғориш тармоқлари тортилиб, 36 та ер ости сув қудуқлари ишга туширилди ҳамда суғориш учун 40 та махсус техника жалб этилди.
Кузги мавсумда вилоят бўйича 6 миллион 125 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилиб, айни пайтда бу иш барча ҳудудларда қизғин давом этмоқда.
[gallery-20481]
– Кўчат экишни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун бошқармамиз ва унинг ҳудудий бўлимлари, барча ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. – Аввало, вилоятдаги 10 та ўрмон хўжалиги ва хусусий секторда 13,5 миллион туп кўчат захираси яратилган. Ушбу кўчатлар ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, суғориш тизими яратилган ҳолда белгиланган жойларда ўтқазилмоқда. Кузги мавсумда ҳам “яшил белбоғ”лар, “яшил жамоат парклари”, ҳокимлик боғлари яратиш, йўл ёқалари, ариқ ва каналлар бўйидаги бўш ерларда дарахт кўчатлари экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳар, Ургут, Нарпай, Нуробод ва Жомбой туманларида жами 21,2 гектар майдонда “Яшил боғ”лар, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Тойлоқ, Самарқанд ва Оқдарё туманларида 6,4 гектар майдонда “Яшил белбоғ”лар ташкил этилмоқда. Бу гал туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан 10 гектар майдонда “Ҳокимлик боғи” ҳамда 17 гектар майдонда “Яшил жамоат парки” барпо этилади.
Атроф-муҳитга таъсири хавфли 56 та саноат корхонаси томонидан 49 минг туп ҳамда 13 та чиқинди полигони атрофида 14 минг 500 туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этишга киришилди.
Юқоридаги тадбирларда экилган кўчатларни парвариш қилиш ва суғориш мақсадида 56 километр суғориш тармоқлари тортилиб, 32 та ер ости сув қудуқлари ишга туширилади ҳамда суғориш учун махсус техникалар жалб этилади.
– Атмосфера ҳавоси таркиби 78 фоиз азот, 20 фоиз кислород ва бошқа зарарли газлардан иборат бўлса, уларга яна турли хил корхона ва ташкилотлардан чиқаётган газлар қўшилиб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади, – дея сўзида давом этади Т.Ҳошимов. – Дарахтлар, яшиллик эса ана шу зарарли газлар таъсирини камайтириб, ҳаводаги кислород миқдорини оширишга ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда кўчат экишда баргли ва игна баргли дарахтлар танлаб, ўз ўрнида ўтқазишга эътибор қаратилмоқда. Масалан, игна баргли дарахтлар кўпроқ тоғли ҳудудларда экилаётган бўлса, шаҳарлар ва кўча ёқаларида баргли дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Чунки, баргли дарахтлар игна барглиларга нисбатан икки баробар кўп кислород ишлаб чиқаради, ҳаводаги зарарли газлар таъсирини камайтиради. Аҳоли яшаш манзиллари, маҳаллаларда эса мевали дарахтлар, тут кўчатлари экилмоқда. Умуман, эндиликда ҳар бир дарахт кўчати ўз хусусиятидан келиб чиқиб, мос ҳудудлардагина ўтқазилмоқда.
Нуробод тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси томонидан Сазағон массивидаги Тепақул маҳалласида, А-378 йўли ёқасида 2,6 гектар ерда 2,2 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил белбоғ яратишга киришилди.
– Бу жойларда сув таъминоти қийин бўлганлиги сабабли ҳудуд иқлимига мос кўчатларни 70 сантиметрдан кам бўлмаган чуқурликда, унумдор тупроқ солиб экяпмиз, – дейди Нуробод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Обид Тожиев. – Шунингдек, томчилатиб суғориш тизими яратилади. Туманимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўчат экиш чоғида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, эндиликда кўчатнинг қанча экилгани эмас, кўкаргани муҳим ҳисобланади.
Туманнинг мазкур ҳудуди – Сазағонда бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ўнлаб корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналар томонидан атроф-муҳитга чанг ва зарарли газлар чиқарилиши таъсирини камайтириш мақсадида яшил белбоғлар яратишга эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ишлаб чиқариш субъекти аввало, ўз корхонаси атрофида дарахт кўчатлари ўтқазиб, “Яшил макон” лойиҳасида иштирок этмоқда.
Умуман, бугун Самарқанд вилоятида умуммиллий лойиҳа доирасида кузги кўчат экиш жараёнида сон эмас, сифатга эътибор қаратилган ҳолда ҳар бир кўчатнинг ҳисобини юритиш, парваришлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Кўчат экиш ишларининг кунлик мониторинги юритилиб, ҳар ҳафта вилоят сектор раҳбарлари томонидан муҳокама қилиняпти.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/gMVIgFVJ6pU?si=YVYV2cXQrEZYow5x" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари