Кўчатларнинг сони эмас, яшаб қолиши муҳим
Мана икки йилдирки, давлат раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида оммавий кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Экилган кўчатлар сонига эътибор қаратадиган бўлсак, анчагина салмоқли. Масалан, биргина Қашқадарё вилоятида ўтган 2022 йилда 16 миллион донадан кўпроқ ниҳол экилган. Хўш, уларнинг нечтаси бугун бор?
Шу ва бошқа саволларга Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Акбар Эшонқулов ва бошқа мутахассислар томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида жавоб қайтарилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил давомида 16 миллион 356 минг дона дарахт кўчати экиш ташаббуси билан чиқилган. Вилоятдаги 2 та шаҳар, 14 та туман, 812 та маҳалла ва барча кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ҳар бир ҳудудга масъуллар бириктирилиб, ишлар режа асосида олиб борилган. Кўчатлар ўрмон хўжаликлари, кўчатчилик билан шуғулланувчи субъектлар ва пиллачилик корхоналари томонидан етказиб берилиши йўлга қўйилган. Натижада 2022 йилнинг баҳор ойларида 10 миллион 312 минг дона, куз ойларида 6 миллион 319 минг дона кўчатлар экилган ва электрон платформага киритилган.
2022 йил мавсумида экилган 16 миллион донадан зиёд дарахт кўчатларини “Яшил макон” электрон платформасига киритиш давомида янги тизим жорий этилиб, янги экилган кўчатларнинг келгусида унувчанлигини таъминлаш ҳамда суғориш тизимини самарали йўлга қўйиш учун далолатнома асосида масъулларга бириктирилган.
[gallery-10568]
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, 2023 йил баҳор ва куз мавсумларида жами 16,3 миллион дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилиши режалаштирилган.
Хуллас, кўчат экиш ишлари авжида, лекин уларни сақлаб қолиш, кўкариб кетишини таъминлаш борасида бундай дея олмаймиз.
Масъулларга ўтган йилги экилган кўчатлардан бу йилга келиб қанчаси яшаб қолди, буни аниқ рақамлар билан айта оласизларми, деган савол билан мурожаат қилдик.
Уларнинг таъкидлашича, ҳали рақамлар аниқ эмас. Сабаби дарахтлар уйғонмади. Аммо кутилмаган аномал совуқ, экилган кўчатларга бириктирилган масъулларнинг эътиборсизлиги, кўп жойларга сув етиб бормаганлиги натижасида талофат 70 фоиздан баланд бўлиши мумкин.
Шу ўринда бир мулоҳаза ва масъулларга таклиф: кўчатларни экишдан олдин уни сақлаб қолиш, униб кетиши ҳақида ўйлаш керак. Экиш суръатини ошириб, кўчат етиштирувчиларнинг чўнтагина қаппайтиргандан нима наф? Албатта, экилган кўчатларни назорат қилишга биргина экологларнинг кучи етмайди. Ҳудудлардаги 5-6 нафар назоратчи инспекторнинг қўлидан нима ҳам келарди. Тағин билмадим...
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА