Кўчат ўтқазиш ишлари давом этмоқда
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий вилоятида бўлди.
Жорий йил баҳор мавсумида вилоятда қарийб 8,8 миллион туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 25 ноябр куни Навоий вилоятига ташрифи давомида вилоятни республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда “Навоий тажрибаси” ни жорий этиш бўйича топшириқлар берган эди.
— Мазкур ташаббус ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган, – дейди Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов. – Унга асосан, вилоятда кўчат ўтқазиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бунда туманларда 5 гектардан кам бўлмаган ҳудудлар аниқланиб, экиладиган кўчатлар учун ер тайёрлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш, ерни маҳаллий ўғитлар билан бойитиш чоралари кўрилди. Ҳудудлардаги ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ва хўжалик юритувчи субектларнинг дарахт экиш бўйича режаси белгилаб олинди. Дарахт кўчатларини экиш ишлари суғориш тизимини инобатга олган ҳолда режалаштирилди. Айни пайтда вилоятда, шунингдек, ҳар бир маҳаллий ҳокимлик томонидан “Ҳокимлик боғ” лари, вазирлик ва идораларга тегишли ҳудудларда “Вазирлик боғи” ни барпо қилиш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Қизилтепа туманининг “Маликобод” МФЙ ҳудудида ташкил этилаётган “Ҳокимлик боғи” да бўлиб, вилоят ва туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида кўчат экиш акциясида иштирок этди. Ушбу акция давомида 5 гектар ер майдонига 1000 туп павлония, 500 туп каталпа кўчатлари экилди.
Вазир Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов билан “Ҳокимлик боғи” ҳудудида экилган терак, тол ва жийда қаламчалари, шунингдек, пайванд усулида экилган ўрик ниҳоллари ривожланиши ҳолатини кўздан кечириб, бу ерда яратилган тажрибани юқори баҳолади ва ҳудудларда оммалаштириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қизилтепа туманида “Ҳокимлик боғи” билан бир қаторда “Уч авлод боғи” ҳам ташкил этилган. Вазир мазкур боғда бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
— “Уч авлод боғи” да томчилатиб суғориш тизими жорий этилган, – дейди туман табиат ресурслари инспекцияси бошлиғи Файзулло Аллаёров. – Бу ерда 25 гектарда 23 минг туп каталпа, гужум, заранг каби манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Кўчатларнинг илдиз қисмига тупроқ билан бирга бентонет гел ҳам аралаштирилиб солинмоқда. Бентонет гел қўшилган ҳолда экилишининг афзаллиги шундаки, дарахт кўчатлари суғорилгандан сўнг 7-10 кун давомида намликни ўзида сақлаб, томирларнинг сувдан озиқланишини таъминлайди.

Боғ ҳудудида дарахтлар орасига тажриба сифатида пиёз экилган. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Ҳозирда “Уч авлод боғи” нинг яна 25 гектарлик ҳудудида томчилатиб суғориш усулида дарахт кўчатлари экиш ишлари олиб борилмоқда. Дарахт кўчатлари орасига 10 гектарда тарвуз, 10 гектарда қовоқ ва 5 гектарда ловия экиш режалаштирилган.
Абдували Бўриев, ЎзА