Кўчат экиш ишларига барча фаол қатнашмоқда
Мамлакатимизни янада обод қилиш, кўкаламзорлаштириш ва она табиатни асраб-авайлаш мақсадида юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинган. Ушбу акция доирасида Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси туман бўлими ҳамкорлигида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.

Тадбирда касб-ҳунар мактабининг бўш турган ер майдонларига 300 тупдан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди. Эзгу ташаббусда вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов ҳам қатнашди.

– Халқимиз азалдан баҳорда яхши ният билан кўчат эккан, келгуси авлодлар учун мерос қолдиришга ҳаракат қилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган бу лойиҳа замирида ана шундай миллий анъаналаримиз мужассам. Шу билан бирга, бу тадбир нафақат корхона-муассасаларни ободонлаштиришга, балки ёшларнинг табиатга бўлган муҳаббатини оширишга, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва эъзозлаш туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – дейди касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси Шерзоджон Турсуналиев. – Жамоамиз аъзолари мамнуният билан лойиҳада қатнашмоқда. Биз эккан ниҳоллар кун келиб катта дарахт бўлишини тасаввур қилиб, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлмоқда.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги акциялар бошқа шаҳар ва туманларда ҳам давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА