Кўчат экиш – эзгу анъана
Халқимизда отанинг асосий вазифасига – фарзанд тарбиялаш, унга муносиб исм қўйиш, касб-ҳунарли қилиш билан бирга хонадонда ўғил туғилса камида 20 дона кўчат экиш ҳам анъана сифатида қаралади.
Соҳибқирон бобомиз “Темур тузуклари” асарида бир дарахт кестирсам, ўрнига юз дарахт экдим, дея барчамизга ўрнак бўладиган гапларни айтган. Ўз давлатининг пойтахти атрофига 4 та боғ барпо этиб, улар мамлакатнинг кучи, қудрати рамзи сифатида белгиланган.

Инсоният ўзининг давлатчилик тарихида, ҳатто ҳозир ҳам катта шаҳарлар атрофида боғ яратиш, одам гавжум жойларга истироҳат боғлари барпо этиш каби экологик маданиятни Темур ҳамда темурийлардан ўрганган – Самарқанд каби шаҳарлар ландшафтидан андоза олган. Нафақат Самарқанд балки барча шаҳарларимизда ҳавонинг тозалиги, бозорларини мева-чеваларга мўлчилиги ўзбек элининг боғдорчилик салоҳиятидан дарак.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг барча гўшаларида “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги сайъ-ҳаракатлар бошланган бўлиб, асосий мақсадлардан бири мамлакатимиз аҳолисини янада жипслаштириш, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни янада камол топтиришдан иборат. Сабаби, маълумки қадимдан ҳар қандай эзгу ишларни бажаришда, тўй-ҳашам тараддуди яқинлар, қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатликда амалга оширилган. Бу эзгу иш – халқ тилида “ҳашар” дея аталган.

Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими томонидан Қибрай туманида жойлашган 25-сон мактабгача таълим ташкилотида мевали дарахт кўчатлари экилди. Бу кўчатлар кўкариб катта боққа айланади. Ана шу боғда ғарқ пишган меваларни еган болажонларимизнинг қувончларини тасаввур қилиш қийин эмас.

Жаннатмакон Ўзбекистонимизда ҳар қанча “Яшил макон”ларни барпо этсак ярашади. Сабаби бизнинг юртимиз, айниқса, Тошкент вилоятининг тупроғи лалми ва унумдорлиги, табиатининг сўлимлиги, сувларнинг зилоллигига ҳар қанча ҳавас қилсанг арзийди. Бу юртнинг ҳар бир қарич ерига бир чўп қадасанг ҳам кўкариб, яшнаб кетади. “Янги Ўзбекистон” дея аталмиш улуғ йўл олдидан яшиллик экилиши, халқимизнинг куч-қудрати, мақсадимизнинг эзгулигидан дарак. Зеро, яхшидан боғ қолади.
Ирода МУҲАММАДАЗИЗОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тошкент вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА.