Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида йирик саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш орқали ҳудудий иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “Сардоба универсал кластер” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда тумандаги энг йирик саноат мажмуаларидан бири сифатида тобора ривожланмоқда.
2020 йилда фаолиятини бошлаган мазкур кластерда умумий қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Кунига 8 тонна тола ва 5 тонна мато ишлаб чиқариш ҳамда уларни бўяш қувватлари йўлга қўйилган. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушгандан сўнг 1 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Ҳозирги пайтда кластерда 1 000 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Мажмуада тўқимачилик маҳсулотлари билан бир қаторда озиқ-овқат (нон ва қандолат) маҳсулотлари, қурилиш учун мустаҳкам қўлқоплар, ёзги оёқ кийимлар ҳамда турли соҳаларда қўлланадиган резина буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
“Сардоба” бренди остидаги янги маҳсулотлардан бири – тоза ичимлик суви. Йилига 7,5 минг тонна ҳажмда қадоқланадиган мазкур маҳсулот ички бозорда аҳолига етказиб берилмоқда. Бу ташаббус маҳаллий бренд имкониятларини кенгайтириш, туман саноат қиёфасини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Кластер доирасида қоғоз маҳсулотларини қайта ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қиймати 2,5 миллион долларлик картон ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 120 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
– Кластер фақат иш ўринлари яратиш билан чекланиб қолмайди. У маҳаллий тадбиркорлар ва ёш мутахассислар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса Сардобани саноат ва туризм марказларидан бирига айлантиришда муҳим қадам ҳисобланади, – дейди “Сардоба универсал кластер” раҳбари Қаҳрамон Эргашев.

Энг муҳим жиҳати, кластернинг ишлаб чиқариш йўналишлари кенг қамровли. 3 400 гектар ер майдонида пахта ва ғалла етиштириш билан бирга боғдорчилик ва пиллачилик соҳалари ҳам ривожлантирилмоқда.

Шу тариқа “Сардоба универсал кластер” нафақат иқтисодий самарадорлиги, балки ижтимоий аҳамияти билан ҳам туман тараққиётининг ҳақиқий драйверига айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири