Кластер тизими энди томорқаларга кириб бормоқда
Аҳоли томорқалари халқимиз дастурхонига асосий истеъмол воситаларини етказиб берувчи локомотив эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Аммо томорқаларда маҳсулот етиштириш натижасида олинадиган даромад иштирок этувчиларнинг барчасини қаноатлантирмоқда ва даладан тўлиқ халқимиз дастурхонига етиб келмоқда, дея олмаймиз.
Бунга етиштирилган маҳсулотнинг аниқ харидори йўқлиги ва мавсумда айрим турдаги экинларни талабдан ортиқ экилиши маҳсулот таннархини жуда пастлашига ва далада нобуд бўлиб қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига (томорқаларига) хизмат кўрсатувчи “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилиб, айни вақтда уларнинг сони 400 дан ошган.
Бугунги кунга қадар, ушбу “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан аҳоли томорқаларига турли хизматлар кўрсатилмоқда. Бироқ, уларнинг фаолияти таҳлил қилинганда “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг хонадонларни қамраб олиб хизмат кўрсатиш даражаси жуда суст эканлиги ва уруғчиликда бир қатор муаммолар борлиги аниқланди.
Шунга кўра, аҳоли хонадонларига комплекс хизмат кўрсатиш ва хонадонларни юқори даражада қамраб олинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Томорқа хизмати” МЧЖлар негизида томорқачилик кластерлари ташкил этилиши белгилаб берилди.
“Томорқа хизмати” МЧЖлар негизида ташкил этилаётган томорқачилик кластерларининг аҳамияти шундаки, улар аҳоли хонадонларига тизимли равишда уруғ ва кўчат етказиб беришдан ташқари томорқаларда етиштирилган маҳсулотни харид қилиш ишларини ҳам тўлиқ бажариши режалаштирилган.
Бунда уларнинг фаолият йўналишлари 12 турга бўлиниб, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриб томорқаларда дала ва ёпиқ усулда маҳсулот етиштириш учун ҳудудлар жойлашувига қараб, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, минитехникалар ва дори пуркагичлар орқали аҳоли томорқаларига арзон нархларда агротехник хизматлар кўрсатиш белгиланган. Шунингдек, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни юк сақлаш ва музлатгичли омборларда сақлаш, туман ва аҳоли гавжум марказларда уруғ, кўчат ва минерал ўғит дўконларини ташкил этиш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни қулай нархларда харид қилиш ва қайта ишлаб экспортга йўналтириш вазифасини ҳам бажаради.
Аҳамиятлиси шундаки, ушбу хизматларнинг барчаси айнан бир жойда, бир ҳудудда комплекс тарзда амалга оширилиб, ҳамюртларимиз мазкур хизматлардан узлуксиз равишда фойдаланишлари мумкин.
Ҳар бир “Томорқа хизмати” МЧЖ негизида ташкил этилган томорқачилик кластери туман аҳолисининг камида 15 минг хонадонини қамраб олиб, хизмат қилиш имкониятига эга.
Дастлабки 25 та томорқачилик кластерини ташкил этилиши натижасида 800 дан ортиқ иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, дастлабки босқич лойиҳалари ишга тушиши натижасида йилига 600 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорти амалга оширилиши, нобуд бўлиши эҳтимоли юқори бўлган 15 минг тоннадан (йилига) ортиқ маҳсулот музлаткич омборларида захира қилиниши, 50 минг гектар ер майдони экиш ишлари учун арзон нархларда ҳайдаб берилиши, йилига 90 минг тонна маҳсулот қайта ишланиши кутилмоқда.
Бугунги кунга қадар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 19 та “Томорқа хизмати” МЧЖга мазкур лойиҳа доирасида 48 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Мазкур лойиҳалар сони 2021 йил якунига қадар 75 тага етказилиши режалаштирилган.
Ф.Хамраев, М.Ўрозов,
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассислари
ЎзА