Кластер тизими энди томорқаларга кириб бормоқда
Халқимиз дастурхонига асосий истеъмол воситаларини етказиб беришда аҳоли томорқаларининг ўрни алоҳида. Аммо, бу жараёнда топилган даромад томорқачиларни қаноатлантиради ва даладан тўлиқ халқимиз дастурхонига етиб келмоқда, деб бўлмайди.
Бунга эса етиштирилган маҳсулотнинг аниқ харидори йўқлиги, мавсумда айрим турдаги экинларни талабдан ортиқ экилиши кабилар маҳсулот таннархини жуда паст ва далада нобуд бўлишига сабаб бўлмоқда.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида, икки йил илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига (томорқаларига) хизмат кўрсатувчи «Томорқа хизмати» МЧЖлар ташкил этил этилиб, айни вақтда уларнинг сони 370 дан ошган.
Ҳозирда "Томорқа хизмати" корхоналари аҳоли томорқаларига турли хизматлар кўрсатмоқда. Бироқ, уларнинг фаолияти таҳлил қилинганда "Томорқа хизмати" МЧЖларнинг хонадонларни қамраб олиб, хизмат кўрсатиш даражаси жуда суст эканлиги ва уруғчиликда бир қатор муаммолар борлиги аниқланди.
Шунга кўра, аҳоли хонадонларига комплекс хизмат кўрсатиш ҳамда юқори даражада қамраб олинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июнда «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан "Томорқа хизмати" негизида томорқачилик кластерлари ташкил этилиши белгилаб берилди.
Ушбу жараённи мувофиқлаштириш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига, лойиҳаларни имтиёзли кредитлар асосида молиялаштириш ишлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси амалга ошириши белгиланган.
«Томорқа хизмати» МЧЖлар негизида ташкил этилаётган томорқачилик кластерларининг аҳамияти шундаки, улар аҳоли хонадонларига тизимли равишда уруғ ва кўчат етказиб беришдан, томорқаларда етиштирилган маҳсулотни харид қилиш ишларигача тўлиқ бажаришни режалаштирган.
Бунда уларнинг фаолият йўналишлари 12 та турга бўлиниб, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриб бериш, томорқаларда дала ва ёпиқ усулда маҳсулот етиштириш учун ҳудудлар жойлашувига қараб, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, минитехникалар ва дори пуркагичлар орқали аҳоли томорқаларига арзон нархларда агротехник хизматлар кўрсатиш, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни юк сақлаш ва музлатгичли омборларда сақлаш, туман ва аҳоли гавжум марказларда уруғ, кўчат ва минерал ўғит дўконларини ташкил этиш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни қулай нархларда харид қилиш ва қайта ишлаб экспортга йўналтириш, ҳосилдор ва арзон нархлардаги паррандаларни аҳолига етказиб бериш ва ишлаб чиқилган тухум, гўшт маҳсулотларини харид қилиш, чорва молларини сифатли уруғлантириш, аҳоли хонадонларидан бир кунда 3 тоннадан ошиқ сут маҳсулотларини харид қилиш, чорва моллари, парранда ва балиқ боқишга ихтисослашган ем маҳсулотларини аҳоли хонадонларига етказиб беришни асосий устувор вазифа сифатида бажариши белгиланган.
Аҳамиятлиси шундаки, ушбу хизматларнинг барчаси айнан бир жойда, бир ҳудудда комплекс тарзда амалга оширилиб, ҳамюртларимиз мазкур хизматларни узлуксиз равишда истеъмол қилиш имкониятига эга бўладилар.
Дастлабки 25 та томорқачилик кластерини ташкил этилиши натижасида 800 дан ортиқ иш ўринлари жумладан, агроном, ҳайдовчи, инженер-технолог,сотувчи, пайвандчи, ветеринар каби касб эгаларининг иш билан бандлиги таъминланиши кўзланган.
Шунингдек, дастлабки босқич лойиҳалари ишга тушиши натижасида йилига 600 минг долларли маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши, нобуд бўлиши эҳтимоли юқори бўлган 15 минг тоннадан (йилига) ортиқ маҳсулотлар музлатгич омборларида захира қилиниши, 50 минг гектар ер майдони экиш ишлари учун арзон нархларда ҳайдаб берилиши, йилига 90 минг тонна маҳсулот қайта ишланиши кутилмоқда.
Бугунги кунга қадар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 19 та "Томорқа хизмати" МЧЖга мазкур лойиҳа доирасида 45 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Жорий йилда "Томорқа хизмати" республика ҳудудларида 25 та, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида Амударё ва Бўзатов, Андижон вилоятида Балиқчи ва Қўрғонтепа, Бухоро вилоятида Жондор ва Ромитан, Жиззах вилоятида Янгиобод, Қашқадарё вилоятида Касби ва Қарши, Навоий вилоятида Кармана ва Нурота, Наманган вилоятида Чуст, Чортоқ, Уйчи, Янгиқўрғон ва Косонсой, Самарқанд вилоятида Жомбой, Сирдарё вилоятида Сирдарё, Сурхондарё вилоятида Музработ ва Бандихон, Тошкент вилоятида Оҳангарон ва Бўка, Фарғона вилоятида Боғдод, Хоразм вилоятида Янгиариқ ва Гурлан туманларида ташкил этилади. 2021 йилда ушбу лойиҳалар сони 75 тага етказилиши режалаштирилган.
Хуршид Исроилов, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгаларини қўллаб -қувватлаш жамғармаси
"Томорқа хизмати" МЧЖлар билан ишлаш
бўлим бошлиғи