Иқтисодиётда рақобатбардошликни аниқлаш ва ошириш бўйича кластерли ёндошувнинг асосчиси, Гарвард бизнес мактаби профессори Майкл Портернинг фикрига кўра “маълум бир мамлакатда кластерлар қанчалик ривожланган бўлса, аҳолининг турмуш даражаси ва компанияларнинг рақобатбардошлиги шунчалик юқори бўлади”.
Демак, мамлакат иқтисодиётини кластерларга асослантириб ривожлантириш бизнинг шароитимизда қишлоқларнинг саноатлашувини таъминлайди. Агар шундай бўладиган бўлса, аграр соҳада кластерларни ташкил қилиш қандай бўлади ва бу Ўзбекистон иқтисодиётига нима беради? деган саволнинг жавоби кўпчиликни қизиқтирмоқда.
– Ўзбекистон шароитида аграр соҳада кластер усулининг жорий этилиши кўп босқичли тизимни шакллантиради, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ахборот таҳлил бўлими бошлиғи Обил Сафаров. – Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг барча жараёнларида, яъни шудгорлашдан тортиб ҳосилни йиғиштириб олиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларга комплекс ёндашув қўлланилади. Кластер усули, айниқса, енгил саноат корхоналарининг пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари хамда кичик корхоналарнинг томорқа ер эгалари билан ўзаро алоқаларини кучайтиради.
Кластерлар ерга уруғ қадашдан бошлаб, тайёр маҳсулот етиштиришгача бўлган бутун бир тизимни ўзига қамраб олади. Натижада, пахта етиштирган фермер, мева-чева етиштирган томорқачи фақат ўзлари етиштирган ҳосил ёки хомашёни сотишдан эмас, балки унинг қайта ишланишидан ҳам даромад кўриш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, етиштирилган пахта ёки бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш давомида янги иш ўринлари вужудга келади.
Кластер усулидаги ишлаб чиқариш корхоналарини маҳсулот етиштириладиган ҳудудга яқин бўлиши талаб қилади. Бу эса ўз навбатида ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш ва шунга мос равишда ўша ҳудудда инфраструктурани ривожлантиришни кун тартибига келтириб қўяди.
Натижада, кластерлар ўзлари жойлашган ҳудуддаги инфраструктура билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш орқали маҳаллий ҳокимликларга бўладиган ижтимоий, иқтисодий юкламани камайтиради. Албатта, бунда кластер эгалари биринчи навбатда бизнеснинг ижтимоий масъулияти ҳам борлигини эсдан чиқармаслиги керак бўлади. Бизнеснинг ижтимоий масъулияти деган тушунча бизнинг тадбиркорларимизда бугунги кунгача тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Чунки, биздаги тадбиркорик муҳити ижтимоий масъулиятни маҳаллий ҳокимликларнинг “инжиқликлари” сифатида қабул қилади. Лекин, бугунги кундаги дунёнинг энг илғор тадбиркорлари ижтимоий масъулиятни ўз бизнесини ривожлантиришнинг бирламчи йўналиши сифатида қабул қилмоқда.
Ҳозирда кластерлар ҳудудларда саноатни ривожлантиришнинг энг қулай замонавий воситаси бўлиб қолмоқда. Лекин, сўнгги вақтларда кластерларнинг бундай имкониятини маҳаллий ҳокимликлар тушуниб етмагани ёки тушунмасликка олаётгани кўриниб қолмоқда. Буни ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларда кластерлар билан боғлиқ можаролар орқали кузатиб турибмиз. Бундай можаролар оқибатида кластерлар тўғрисида ватандошларимизда нотўғри қараш шаклланиб, кластер дегани бу – ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, деб тушунишмоқда. Натижада кластернинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш жараёнини бой берилмоқда.
Қайд этиш керакки, кластерга қизиқиш йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида пайдо бўлди. Ҳозирда бизда ҳам кластер асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали ҳудудларни саноатлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бунда маҳаллий ҳокимият учун кластерли ёндашувнинг афзалликлари шундаки, у турли соҳаларга тегишли бўлган бир-бирига боғлиқ бўлган корхоналар гуруҳидаги вазиятни ҳар томонлама, тизимли равишда кўриб чиқиш имконини беради. Ҳар қандай ишлаб чиқариш корхонасининг рақобатбардошлиги асосан ташқи омиллар, хусусан, бевосита кадрлар савиясига боғлиқ.
Агар корхонада малакали кадрлар бўлмаса, бундай ишлаб чиқариш корхонаси ички ва ташқи бозорда рақобатбардош бўла олмайди. Корхона учун кадрларни тайёрлаш учун кўп вақт ва муайян капитал талаб қилинади. Шунинг учун кластернинг ташаббуси кўпинча инсон ресурсларини ривожлантиришга қаратилган бўлади.
Ҳудудларда кластер сиёсатини амалга ошириш корхоналарнинг рақобатбардошлигини ўсишига ўзларининг географик жиҳатдан яқин жойлашуви билан боғлиқ бўлган кластер аъзоларининг ўзаро самарали алоқалари, шу жумладан, инновациялар, технологиялар, ноу-хау, ихтисослашган хизматлар, қўшма кооперацион лойиҳалар ва самарали рақобатни амалга ошириш учун юқори малакали кадрлар зарур бўлади. Натижада, илмий изланишлар ва тадқиқотларни ривожлантириш учун ҳам инфратузилма шаклланади.
Кластерларни ривожлантиришда муваффақиятга эришиш – бу бизнес ва маҳаллий ҳокимиятнинг биргаликдаги вазифаси ҳисобланади. Фақат ўзаро тушуниш ва улар ўртасида ҳамкорлик қилиш каби ижобий кўникмалар яхши натижаларнинг кафолати бўлиб қолади.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА