Кластер корхонасига пресс-тур уюштирилди
Меҳнат муҳофазасига гоҳида жиддий эътибор қаратилмасада, у аслида инсон ҳаёти ва унинг хавфсизлиги учун жуда муҳим омил ҳисобланади. Албатта, бирор ташкилот ёки корхонада ишлар экансиз, хавфсизлик қоидаларига тўла амал қилиш лозим бўлади. Айниқса, ишингиз техника ёки технологиялар билан боғлиқ бўлса, хавфсизлик қоидаларини билиш ва унга амал қилиш ўта муҳим. Иш берувчи билан ишчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида иш жараёнида юзага келган бахтсиз ҳодисалар ёки бирор бир фалокат натижасида юз берган ҳолатлар учун тегишли тартибда тўловлар ва ҳоказолар кўзда тутилган, аммо энг яхшиси, нохуш ҳолатлар юз беришининг олдини олишдир.
Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекциясининг ташаббуси билан “Пахта далаларида теримчиларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари” мавзусида ташкил этилган пресс-турда бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтилди.
Вилоятнинг Касби туманидаги “Индорама” МЧЖ хорижий кластер корхонасининг пахтани қайта ишлаш заводи ва лабораторияларида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қай тарзда ташкил этилганлиги билан яқиндан танишилиб, ишчи ходимлар билан суҳбатлашилди.
Маълумот учун: қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган мазкур хорижий корхона мамлакатимизда бир йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда корхонада 3000 нафарга яқин ходим фаолият олиб боради. 47 минг 776 гектар ерда пахта ва бошоқли экинлар, шу жумладан, буғдой ва арпа етиштиради. Жумладан, 2023 йил учун 975 нафар маҳаллий фермер билан пахта етиштириш бўйича контрактация шартномалари тузилган бўлиб, 16 минг 340 гектар дала майдонида корхона томонидан ғўза парваришланган. Ушбу ер майдонларининг асосий қисми Қашқадарё вилояти ҳудудига тўғри келади. Хусусан, корхонанинг Қашқадарё вилояти филиалида бир йилда 140-150 минг тонна пахта хомашёси қайта ишланади.
[gallery-13711]
Пресс-тур қатнашчилари Касби туманидаги кластер корхонасига тегишли пахта майдонларида пахта терими жараёни ва теримчиларга яратилган меҳнат шароити билан танишишди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА