Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудудида “Валиобод” номли фермер ҳўжалиги пахта ва ғалла етиштиришда пешқадам хўжаликлардан. Раъно Валиева қарийб 25 йилдан буён юз гектарга яқин экин майдонида деҳқончилик қилиб келмоқда. Ҳар йили пахта ва ғалладан мўл ҳосил олинмоқда.
2020 йилдаги меҳнат самарасида даромад ҳам яхши бўлди. Шартнома режасидаги 77 тонна ўрнига кластерга 122 тонна пахта хом ашёси топширилди. Унинг ҳар тоннаси учун 5 миллион атрофида ҳақ тўланди.
– Кластерларнинг афзаллигини ўтган йили пахтачилик йўналишида ҳамкорлик қилиб билдик, – дейди Р.Валиева. – Шу боис, туманимизда яқинда ташкил этилган ғаллачилик йўналишидаги кластер билан 52 гектар майдондаги ғалла ҳосилини етказиб бериш борасида шартнома қилдик. Буғдойимизнинг ривожи яхши, унинг агротехникасини ўз вақтида бажаришга кластер вакиллари яқиндан ёрдам бермоқда. Агар давлатимиз бизни қўллаб-қувватламаса, бугунгидай натижаларга эришмаган, кўзланган ҳосилни ололмаган бўлардик. Кластер тизими яратилгани деҳқонларнинг эртанги кунига бўлган ишончини янада оширди. Хом ашёнинг олувчиси аниқ, териб олиш бўйича ҳам, теримчиларнинг иш ҳақларини беришда ҳам муаммолар, ортиқча бош қотиришлар ўз-ўзидан барҳам топди.
Қайд этиш керакки, аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида кластер тизими йўлга қўйилди. Экин турлари замон талаби асосида ўзгартирилмоқда, кўпроқ экспорт қилиш мумкин бўлган харидоргир маҳсулотлар етиштиришга эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳосилдорлик ортишини таъминлаб, мулкдорлар даромадини оширмоқда.
Фермерларнинг кластерларга бириктирилиши уларнинг оғирини енгиллаштирмоқда. Мисол учун, олдинлари фермерлар пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш, уни экиш, ёқилғи, техника ва бошқа масалаларда анча қийинчиликка дуч келарди. Энди эса бу борада кластерлар кўмаги боис, ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ даромад кўриш, олинган ҳосилни эркин нархда сотиш имкони яратилди. Яъни масулотни етиштиришдан тортиб унинг бозорини топиш, экспорт қилишгача бўлган жараёнда фермерларнинг кўмакчиси бор.
Пахта ва ғалла етиштиришда давлат режаси босқичма-босқич бекор қилинаётгани ҳам мулкдорларнинг меҳнатига яраша даромад топишига кенг йўл очмоқда.
ЎзА