Мамлакатимизда кластер янги соҳа сифатида кириб келган бўлса, қисқа давр ичида фермер хўжаликларининг яқин шерикларига айланди.
Айниқса, кластер усулида пахта етиштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кластер амалиёти пахтани хом ашё сифатида эмас, маҳсулотни қайта ишлаш, тайёр, ярим тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариш имкониятини бермоқда.
Тахиатош агро кластери 2020 йили ташкил этилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасида пахта етиштириш бўйича янги технологияларни татбиқ этаётган илғор йўналишлардан саналади. Бугунги кунда кластер тасарруфида барча турдаги техникалар мавжуд бўлиб, ғўза поялари орасига ишлов бериш, култивация қилиш, пахта чигитини замонавий сеялкаларда экиш каби зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш ишлари билан шуғулланиб келмоқда.
Ўтган йили тумандаги 56 фермер хўжалиги билан 2600 гектар ердан 5600 тонна пахта етиштириш бўйича шартнома имзолади ва режани ортиғи билан бажарди. Бунда туман фермерлари билан якдилликда олиб борилган ишлар ўз самарасини берди, десак адашмаган бўламиз.
– «Роза-Бану» фермер хўжалигимиз 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда «Тахиатош агро кластер» билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз, – дейди фермер Ўразбой Юсупов. – 2020 йилда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борганлигимиз сабабли экин майдонларимиздан кам талофат ҳосил олдик. Кластер билан тузилган 120 тонналик шартномамизни ортиғи билан 149 тонна қилиб бажардик. Таъкидлаш жоиз, авваллари ёқилғи, ўғит, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экин экиш каби жабҳаларда қийинчиликларга дуч келинарди. Кластер билан бундай муаммоларга барҳам бердик.
Ўтган йилги сув танқислигидан сўнг, бу йил 1200 метр ердан сув келтириш учун қазиш ишлари олиб борилмоқда. Ўйлаймизки, бу йил ҳам режадаги 50 гектар еримиздан ортиғи билан ҳосил йиғиб оламиз.
Ҳозирда фермер хўжаликлари экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун коллектор ва дренаж тармоқлари кластер ҳисобидан қазиб берилмоқда. Ерларнинг шўрланиши ва ер ости сизот сувларининг кўтарилиши каби муаммоларнинг олдини олишда коллекторларнинг қазилиши ўта муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари, сув етказиб бериш бўйича қазиш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ҳозирда 8 км канал қазиш ишлари якунланди.
Ўтган йилги сув танқислиги ҳисобга олиниб, томчилаб суғориш технологиялари амалиётга татбиқ этилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Бу йил Тахиатош тумани бўйича жами 660 гектар ер майдонларида томчилаб суғориш технологияларини қуриш режалаштирилган бўлиб, шундан 120 гектар майдонда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Алоҳида жиҳати. Кўпчилик фермер хўжаликлари учун тежамкор технологияларни қуриш учун кредитлар кластер томонидан олинган бўлиб, фермерларга мазкур кредитларни сўндиришда бир қанча енгилликлар яратилган.
Ҳозирда янги иш ўринлари очиш учун комплекс текстил фабрика қуриш лойиҳалаштирилмоқда. Бу орқали пахта ҳом ашёси тайёр кийим-кечак сифатида ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлиб, бозорларимизни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон фермер,
деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши матбуот хизмати