Роппа-роса тўрт йил аввал Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизда агрокластерлар барпо этиш ғоясини илгари сурган эди. Шундан буён иш юритишнинг янгича шакли тобора оммалашиб боряпти. Амалиёт мазкур ташаббуснинг ғоят пухта ўйлангани, самарадорликка, тараққиётга элтувчи энг яқин йўл эканини кўрсатяпти.
Кластер тизимида ер эгаси, тайёр маҳсулотлар, ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда уларга турли хизматлар кўрсатувчи тузилмалар иқтисодий, ҳудудий, логистика ва бошқа ришталар билан чамбарчас боғланади, бир-бирини астойдил қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бўлади, бирининг ютуғи иккинчиси, учинчисининг ҳам иши юришишини англатади.
Агрокластер тизими ўзини оқлаётганини кўрсатувчи аниқ, ҳаётий мисоллар борми? Янгича услубга ўтишга қандай зарурат бор эди? Қуйида келтирилаётган фикр-мулоҳазалар орқали шу каби саволларга жавоб беришга уриндик.
АФЗАЛЛИКЛАРИ ТОБОРА ЯҚҚОЛРОҚ КЎРИНЯПТИ
Шоҳрух ҚУРБОНОВ:
– 2018 йил февралда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида пахтачилик-тўқимачилик кластери – “Khantex Group” МЧЖ ташкил этилганди. Пахта етиштириш учун унга 8 136 гектар ер ажратилди. Биринчи навбатда ерга ишлов беришга эътибор қаратилди, янги услублар, ёндашувлар жорий қилинди. Режаларни амалга ошириш учун “John Deere”, “Case”, “Monosem”, “Sfoggia”, “Ortmаn” сингари машҳур компаниялардан жами 396 та қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинди. Янгича ёндашув самараси дарҳол сезилди. Хусусан, замонавий пневматик сеялкаларда қадалиши туфайли ҳар гектарга 70-80 кг. эмас, 35-40 кг. дан чигит сарфланди ва 650 минг сўмдан маблағ иқтисод қилинди. Агротехник тадбирлар тўлиқ механизациялаштирилди. Янги турдаги минерал ўғитлар ишлатила бошланди. Қисқаси, икки йил мобайнида ғўзани ўстириш билан боғлиқ харажатлар 30 фоизга камайди. Пахта ҳосилдорлиги эса гектарига 41 центнерга етди (кластер тизимига кирмаган хўжаликларда бу кўрсаткич 34 центнердан ошмаяпти). Бу чегара эмас. 2019 йилда Исроилнинг “Netafin” компанияси кўмаги билан 81 гектар пахтазорга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди ва ҳар гектардан 61,2 центнердан ҳосил олинди.
Шунингдек, текстиль мажмуаси тўлиқ қуриб битказилди ва ишга туширилди. Корхонада йилига 10,4 минг тонна, яъни кластерга қарашли ерларда етиштирилувчи пахта тўлиқ қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато ва 10 миллион дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 40 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Жойлардаги ишсизлик муаммоси ҳал қилинишига ҳам кластер салмоқли ҳисса қўшяпти. Нафақат Қўрғонтепа, балки, қўшни туманлардан ҳам келиб, ишлашяпти. Дала юмушларида 3 минг 200 нафар, текстиль мажмуасида 2 минг, пахтани қайта ишлаш корхонасида 200, жами 5 минг 400 нафар йигит-қиз иш билан банд.
Пахтачилик-тўқимачилик кластери қошида 2020 йил февраль ойида “Khantex innovatsion ilmiy-amaliy ishlab chiqarish markazi” ташкил этилди. Ҳозирда марказ туман микроиқлими, тупроқ ва сув шароитидан келиб чиқиб, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, эртапишар, кўп тола берувчи навлар яратиш устида иш олиб боряпти. Масалан, 2020 йилда тажрибалар йўли билан 2 минг 800 тонна сифатли, серҳосил буғдой ва ғўза уруғликлари етиштирилди.
Яқин истиқболда шундай ишларни амалга ошириш режалаштириляптики, улар кластер фаолияти янада такомиллашишига, самарадорлик ортишига хизмат қилади. Баъзиларига тўхталамиз.
Шу йили 196 минг еврога Италиянинг “Маra” компанияси ишлаб чиқараётган 7 дона лазерли ер текислаш ускунаси сотиб олинади.
Чигит, писта ва сояни қайта ишлаб, рафинацияланган ёғ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида кластер негизида “Khantex Oil” МЧЖ ёғ-экстракция корхонаси ташкил этилади. Шу кунларда Италия, Германия ва бошқа давлатлардан зарур ускуналар келтирилмоқда.
Туманнинг Савай мавзесида мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хорижга экспорт қилиш заводи, чорва моллари терисини қайта ишлаш ва пойабзал ишлаб чиқариш фабрикалари қурилиши бошланди. Улар ишга тушгач, 2 минг киши иш билан таъминланади.
Кластерда меҳнат қилаётганлар учун 500 ўринли профилактория қурилади. Шунингдек, тумандаги 21 та мавзеда миллий ҳаммом ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Эътиборлиси, улардан фойда олиш кўзда тутилмаяпти, яъни тушумнинг ҳаммаси иш ҳақи, жиҳозлаш, таъмирлаш кабиларга йўналтирилади.
Кластер дуч келаётган баъзи қийинчиликларни ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифларни билдириш жоиз.
Чет эл кредит линиялари маблағларини жалб қилаётган маҳаллий тижорат банкларининг маржаси юқори. Масалан, Германиянинг Коммерцбанк ёки Ландесбанк кредит линиялари маблағларининг йиллик фоиз ставкаси ўртача 0,75-1 фоиз. Бироқ кластер корхоналари бу маблағларни йиллик 5-6 фоиз ставка билан олишмоқда. Бу эса лойиҳа ўзини қоплаш муддатининг кечикиши, кредит мажбуриятлари ошишига олиб келмоқда. Маҳаллий банклар ставкалари хорижий молия муассасалариникига мувофиқ бўлиши зарур.
Пандемия маълум сабабларга кўра кластерларга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шу боис, кредитлар қайтарилиши муддатлари узайтирилса, айни муддао бўлар эди.
ҲАММАСИ АВВАЛГИДЕК ҚОЛАВЕРСА БЎЛМАЙДИМИ?
Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисодиёт фанлари
доктори, профессор,
Нодирбек РАСУЛОВ,
иқтисодиёт фанлари номзоди,
доцент:
– Мазкур саволга муфассал жавоб бериш учун аслида каттагина мақола, балки туркум мақолалар ёзиш керак. Лекин замон талабидан келиб чиқиб, фикримизни лўнда ифодалашга ҳаракат қиламиз.
Кластернинг моҳияти шуки, унинг таркибидаги хўжаликлар, корхоналар, муассасалар хомашёни етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот вужудга келиши ва уни сотишгача бўлган жараёнда битта яхлит жамоага бирлашади. Натижада таннарх пасаяди ва кўпроқ фойда олиш имкони юзага келади.
Хорижий давлатларда кластерлар иқтисодиётнинг барча тармоқларида аллақачон етакчи тизимга айланган. Масалан, АҚШда хусусий сектордаги одамларнинг 32 фоизи, Швецияда меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг 39 фоизи кластерларда ишлайди. Ҳиндистон кластерларида мамлакат экспортининг 60 фоиздан кўпроғи ишлаб чиқарилади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини кластерлаштиришдан кўзланган мақсад – аграр соҳанинг хомашёга йўналтирилганлигини тугатиш, уни саноатлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва фойдани кескин кўпайтиришдан иборат. Гарчи пахта-тўқимачилик кластерларимиз ташкил этилганидан буён ҳали кўп вақт ўтмаган бўлса-да, уларнинг аҳоли турмуш даражасини оширишдаги аҳамияти яққол сезиляпти.
“Кластерлаштиришни амалга оширмаслигимиз ҳам мумкин эдими?”, сингари саволлар пайдо бўляпти. Жавоб қуйидагича: бугунги глобаллашув даврида аграр соҳани кластерлаштирмасдан туриб, жаҳон бозорига чиқишнинг иложи йўқ. Бинобарин, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини кластерлаштириш ўз вақтида амалга оширилган ислоҳот бўлди.
ЯНГИ ТИЗИМ ЖОНИМИЗГА ОРО КИРДИ
Самад НУРАЛИЕВ,
Чироқчи туманидаги
“Нуралиев Улуғбек Искандарович”
фермер хўжалиги бошлиғи:
– Минерал ўғит, сув, ёнилғи таъминоти яхши бўлмаса, энг тажрибали деҳқоннинг ҳам меҳнати зое кетади. Узоқ йиллар агроном, фермер бўлиб ишлаб, шунга амин бўлганман.
2010 йилдан буён Чироқчи тумани Кўкдала қишлоғидаги фермер хўжалиги раҳбариман. Неча йиллардан бери биз – мазкур ҳудуддаги фермерлар ўғит, ёқилғи, сув таъминоти ёмонлигидан қийналардик. Айниқса, экинларнинг сувсизликдан “карахт” бўлаётганини кўриш азоб эди. Айнан оби ҳаёт етишмовчилиги сабабли кўп фермерларнинг ишдан кўнгли совиб, ерини топшириб кетганига гувоҳ бўлдим.
Деҳқонлар тилида айтганда, охирги қулоқмиз. Бизга сув Зарафшон дарёсидан Дарғом, Эски анҳор каналлари орқали келади. Сув истеъмолчилари уюшмаси ҳам муаммони ҳал қилолмади. Умримиз далада эмас, каналлар бўйида ўтарди. Қанча елиб-югурмайлик, сув танқислиги боис экинлар гул ташлаб, яхши ривожланмасди. Режани бажара олмай, юзимиз шувут бўларди.
2020 йили 100 га яқин фермер хўжалиги “Чироқчи кластер” пахтачилик-тўқимачилик кластерига бирлашди. Шу иш илгарироқ амалга ошса бўлмасмиди? Эндиликда сурункали тус олган муаммоларимиз буткул барҳам топди.
Кўп йиллар шу далаларда тер тўкиб, ўтган йилгидек баракали ҳосил олмаганман. 45 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 35 центнердан пахта йиғиб-териб олиб, шартномани ортиғи билан бажардик. Ўн йил деганда юзимиз ёруғ бўлди. Ғаллачиликда ҳам сезиларли ютуққа эришдик. Олинган фойдадан тарвуз шарбати ишлаб чиқариш цехини ишга туширишни режалаштиряпмиз. Буларнинг барчаси кластер тизими шарофати. Бу тизим фермерларнинг ишонган боғи, суянган тоғи бўлиб қолишига шубҳам йўқ.
МАНФААТЛАР БОҒЛАНСАГИНА ЎСИШ БЎЛАДИ
Тўлқин ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Тошкент вилояти
кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати:
– Президентимиз агрокластерларга мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг келажаги сифатида қарамоқда. Бу бежиз эмас. Аграр соҳа қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади, халқимиз фаровонлиги юксалади.
Ҳудудлар иқтисодиёти ривожланишида кластер усулининг асосий афзалликларидан бири – иқтисодий омиллар таъсири кучайиши ва маъмурий омиллар ролининг сусайишидир.
Айримлар мазкур жараёнларни фермерликдан кластер тизимига ўтиш, деб тушуняпти. Ваҳоланки, фермер хўжалиги кластернинг бир бўғини, таркибий қисми. Юз бераётган ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилинаётганини англатади.
Тошкент вилоятида турли йўналишларга ихтисослашган 98 та кластер фаолият юритяпти. Ўтган йили вилоятда етиштирилган пахта хомашёсининг 45 фоизи 7 та пахтачилик-тўқимачилик кластери ҳиссасига тўғри келгани, ҳосилдорлик 2019 йилдагига нисбатан бир ярим баробар ошгани алоҳида эътиборга молик.
Депутат, партия ҳудудий кенгаши раиси сифатида кластерлар фаолияти билан ҳам танишяпман, ишчи-хизматчилари билан суҳбатлашяпман. Янги тизимнинг афзалликларидан бири шуки, оддий ишчилар ҳам қишин-ёзин ишлайди, маош, ҳатто мукофот пули олади. Масалан, ҳали дала ишлари бошланмаган ҳозирги кунларда Қуйи Чирчиқ туманидаги “TСT Agro Cluster”да ишчилар биогумус тайёрлаш билан шуғулланяпти.
Хуллас, ерга ишлов берувчилардан тортиб, маҳсулотни сотувчиларгача бўлганларнинг манфаати бир-бирига чамбарчас боғлангандагина аграр соҳа жадал ривожланади. Шундан келиб чиққан ҳолда биз бутун салоҳиятимизни ишга солиб, кластер тизимини қўллаб-қувватлаймиз, улар дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этишга ҳисса қўшамиз.
ИНТЕГРАЦИЯ ВА ИННОВАЦИЯ САРИ
Олим ПАРДАЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори:
– Бундан ўн бир йил муқаддам кластер тизимини мамлакатимизда ҳам амалга татбиқ қилиш зарур, деган хулосага келиб, “Боғдан дастурхонгача” кластерининг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиққандик. Бу йўналишдаги тадқиқотларимиз бирмунча муддат эътибордан четда қолди. Ниҳоят, юртимизда янгиланишлар эпкини эсиб, кластер тизимининг афзалликлари эътироф этилди.
Бугунги кунда дунёдаги илғор давлатлар иқтисодиётининг қарийб 50 фоизи кластер усулига ўтган. Масалан, Европа Иттифоқида
2 мингдан зиёд кластер мавжуд. Улар ишчи кучининг 38 фоизини қамраган. Дания, Финляндия, Норвегия, Швеция саноатига бу усул тўлиқ татбиқ қилинган. Мамлакатимизда мазкур тизим жадал ривожланиш босқичида. Бир неча йил олдин кластерлар фақат аграр соҳада бунёд қилинган бўлса, эндиликда бошқа тармоқларда ҳам бўй кўрсатяпти.
АҚШдаги “Силикон водийси” номи билан дунёга машҳур кластерга ҳавас қилса арзийди. Унинг таркибига 87 мингта компания, 40 та тадқиқот маркази ва ўнлаб университетлар кирган. Мазкур инновацион кластер инфратузилмасига 180 та венчур фирмаси, 47 та инвестиция ва 700 та тижорат банки хизмат кўрсатяпти. Бизда ҳам тармоқ ва тармоқлараро кластерлар барпо этиляпти.
ХЎШ, КЛАСТЕР БИЗГА ҚАНДАЙ НАФ КЕЛТИРАДИ?
1. Хомашё етиштириш, уни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш – буларнинг барчаси битта субъект томонидан амалга оширилади. Маҳсулот арзон ва сифатли бўлади.
2. Хўжаликлар, корхоналарнинг тизимли занжири ташкил қилиниши эвазига турли йўқотишлар камаяди ва хомашёга муҳтожлик сингари ҳолатлар барҳам топади.
3. Қишлоққа саноатнинг кириб бориши туфайли одамлар индустриал меҳнат бобида ҳам кўникма, малака ҳосил қилади. Инновацион ғояларнинг айнан қишлоқларда шаклланиш имконияти юзага келади.
4. Қишлоқларда аҳолининг иш билан таъминлаш имконияти кенгаяди.
5. Кластер таркибидаги хўжаликлар, корхоналар ва бошқа субъектларнинг барқарор ишлаши таъминланади.
6. Кластерга асосланган иш юритиш механизми ҳар қандай шароитга мослаша олади, шунинг баробарида иқтисодий, ижтимоий муаммолар ҳал қилинишига кўмаклашади.
7. Бир қанча соҳалар мутахассислари кооперацияси вужудга келади. Бу, ўз навбатида, инновацион иқтисодиётга ўтиш учун йўл очади.
Келгусида асосан пахта етиштирувчи 133 та туманимиздан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтишини таъкидлаш зарур.
Ҳозир Самарқанд вилоятида 44 та кластер фаолият юритяпти. Вақт ўтгани сайин уларнинг бошқа тузилмаларга нисбатан афзалликлари яққолроқ намоён бўляпти.
(“XXI asr” газетасининг 2021 йил 11 февраль сонидан олинди).