Кейинги йилларда мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус”нинг тўртинчиси йўналиши сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгилангани ҳам бежиз эмас.
Китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб мутолааси борасида жойларда турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири Нурафшон шаҳридаги Президент мактабида ташкил этилди. Унда “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг вилоят бўлими, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналистлар, Тошкент вилоятидаги ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс. Ушбу эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш йўлида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “2023 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш учун танлов”да Журналистлар уюшмаси “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Шундан сўнг мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришга қўшимча моддий имконият яратилди.

Жумладан, ушбу лойиҳа доирасида болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ўн номдаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, аудио шаклларини яратиш ҳамда уларни давлат буюртмачиси билан келишган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларига беғараз тақдим этиш белгиланган эди.
Шу кунгача “Китобхон болалар” рукни остида “Шалола”, “Оқ қовуннинг боласи”, “Учар ҳаммом”, “Сеҳргарнинг узуги”, “Болаликнинг қўлидан тутиб” номли китоблар “O‘zbekiston nashriyoti” давлат унитар корхонасида, “Дунё даҳолари” туркумидаги “Стив Жобс – компьютерга жон берган одам”, “Муҳаммад Али – барча даврларнинг буюк боксчиси”, “Леонардо да Винчи – замонасидан илгарилаб кетган ақл соҳиби”, “Моцарт – мусиқа даҳоси”, “Альберт Эйнштейн – серқирра даҳо” номли китоблар эса “ASAXIY BOOKS” масъулияти чекланган жамиятда чоп этилди.

Нашрдан чиққан китобларни варақлар экансиз, улардан ўрин олган шеърлар, ҳикоялар ва эртаклар мазмунига мос ажойиб расмлар билан бойитилиб, болалар эътиборини ўзига жалб қиладиган ёрқин қиёфада чоп этилганига гувоҳ бўласиз. Жумладан, таниқли болалар шоири Ориф Тўхташнинг “Шалола” номли китоби болаликнинг рангин оламига бошлайди. Бир-биридан ажойиб шеърлар болалар қалбига шодлик, зеҳнига билим, орзу-умидларига эса қанот бахш этади.
Уюшманинг Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев олиб борган тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ёш авлоди билимли, салоҳиятли инсонлар бўлиб улғайиши учун китобхонлик ривожига жуда катта эътибор, ғамхўрлик кўрсатилаётгани, жумладан, тақдим этилаётган нашрлар ҳам болалар ва ўсмирларнинг ақлий, маънавий юксалишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раиси Маҳмуд Тоир, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева ва бошқалар китобнинг бола интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришдаги ўрни ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида пойтахт вилоятининг 21 та ахборот-кутубхона марказларига, вилоят болалар кутубхонасига, Нурафшон шаҳридаги Президент мактабига, ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга 10 номдаги 720 дона китоб туҳфа этилди.
А.Мусаев, ЎзА