Жиззах шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёш китобхон оила” танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилган мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад ёш оилалар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ҳар бир оила аъзосини мутолаага кенг жалб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ фазилатларини мустаҳкамлашдан иборат эди.

Қуйи босқичларда 10 мингдан ортиқ китобхон оилалар иштирок этгани танловнинг оммавийлигидан далолат беради. Жиззах вилояти босқичида шаҳар ва туманларда ғолиб деб топилган ёш оилалар ўзаро билим ва зеҳн синовида беллашишди. Улар “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари орқали ўз билими, оилавий жипслиги ва ҳамжиҳатлигини намоён этишди.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Бахмал туманидан Жабборовлар оиласи биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Жиззах шаҳаридан Абдуғаниевлар оиласига, учинчи ўрин эса Пахтакор туманидан Тоғаевлар оиласига насиб этди.
– Бу танлов биз учун нафақат билим, балки оилавий бирлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун имконият бўлди, – дейди танлов ғолиби бўлган оила боши Диёрбек Жабборов. – Китоб мутолааси оиламиздаги муҳитни янада маънавийлаштирди. Республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари жавони” дан ўрин олган сара асарлар жамланмаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Шунингдек, танловда иштирок этган барча ёш оилаларга банк сертификатлари ва китоблар тўплами инъом этилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА