Китобхонлик маданияти барча соҳада муҳим
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институтида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан профессор-ўқитувчилар, институтнинг ёшлар иттифоқи кенгаши ва Ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳамда тингловчилари ўртасида «Энг яхши китобхон» кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш консепцияси» асосида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар томонидан машҳур ёзувчи ва шоирларнинг турли жанрлардаги роман, ҳикоя ва шеърий китобларидан парчалар келтирилди. Китобхонлик бўйича интелектуал ўйинлар намойиш этилди.

Таъкидланганидек, мазкур тадбир ички ишлар органларида маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, касбий, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда улар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.

Кўрик – танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА