Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармаси, Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди.
– Мақсад аҳоли, шу жумладан, ёш авлоднинг билим олиши, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган натижаларни таҳлил этишдан иборатдир, – дейди шоир Рўзимурод Маҳмудов. – Шу билан бирга, бу борадаги истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилиш, ёш авлодни миллий адабиётга, она Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир.
[gallery-22945]
Китобхонлик ҳафталиги давомида нашриётларда сўнгги йилларда чоп этилган янги китобларининг тақдимоти, таниқли ва ёш ва истеъдодли адиб ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар ўтказилади.
Тадбирларда китоб савдо ярмаркалари, китобхонлар ўртасида сўровномалар, совринли викториналар, интеллектуал беллашувлар ҳам ўтказилади. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилади.
Тадбирда Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ижросидаги мусиқали чиқишлар иштирокчиларга хуш кайфият бахш этди.
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказиладиган тадбирлар 27 апрелгача давом этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА