21-25 апрель кунлари ўтказилаётган “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги V Республика китобхонлик ҳафталиги бугун Самарқандда ҳам тантанали бошланди.
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳафталик очилиши маросимида Самарқанд вилоят ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, ўқувчи ва талаба- ёшлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилояти бўлими раиси Тошпўлат Тугалов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини, ёшларнинг китобга меҳрини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хайрли ташаббуслар ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, “Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси доирасида вилоят ахборот-кутубхона марказига китоблар туҳфа қилдилар.
[gallery-22932]
Тадбирда иштирок этган бошқа раҳбарлар ва ташкилотлар вакиллари ҳам кутубхонага китоблар совға қилдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист адиб Нусрат Раҳматнинг “Жадид” китоби тақдимоти ўтказилди. Буюк жадид, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур роман ҳақида китоб муаллифи ҳамда самарқандлик ижодкорлар ўз фикрларини билдирдилар. Тақдимот давомида ёшлар асар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга муаллифдан жавоб олдилар.
– Ҳафталик доирасида марказимизда кўплаб тадбирлар режалаштирилган, – дейди Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Зебинисо Шодиева. – Жумладан, бир қатор янги асарлар тадқимотлари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, “Китоб ва кино” ҳамда “Китобхонлик оиладан бошланади” кўрик-танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, халқимиз китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилади. Шундай тадбирлар туман ва шаҳарлар, таълим муассасаларидаги кутубхоналарда ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Беш кун давомида барча кутубхоналарда “Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилади.
Тадбир доирасида вилоятдаги нашриёт ва матбаа корхоналари томонидан чоп этилган китоблар кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари