“Турон” Тошкент вилояти Ахборот кутубхона марказида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” тантанали равишда очилди. Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрь кунги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йилдан буён мамлакатимизда ҳар йили апрель ойида ташкил этилиб келинмоқда.
Тадбирлар бу йил “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтиши режа қилинган. Тошкент вилояти ҳудудларида ҳам китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган турли лойиҳалар, янги нашр этилган китоблар тақдимотлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Хусусан, “Турон” Тошкент вилояти Ахборот кутубхона марказидаги тадбир қизғин тарзда ўтган тадбирда вилоят зиёлилари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси курсантлари ва ёшлар қатнашди. Дастлаб, Тошкент вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Ш.Низамудинов, сўзга чиқиб, бу каби ташаббуслар ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онги тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватан ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.
Айниқса, йил сайин китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказишдаги самарали ишлар бўлаётганига эътибор қаратилди.
– Мазкур китобхонлик ҳафталиги доирасида бизнинг кутубхонада ҳам бир қатор тадбирлар ўтиши режалаштирилган, – дейди “Турон” Тошкент вилояти Ахборот кутубхона маркази хизмат бўлими раҳбари Шоира Раҳимова. – Жумладан, “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган китоблар учун савдо ярмаркаси ҳам кўпчилик эътиборида бўлади. Бундан ташқари, туман-шаҳарлардаги 21 та ахборот кутубхона марказлари билан ҳамкорликда адабий учрашувлар ўтказамиз. Унда ёзувчи ва шоирлар, санъат вакиллари иштирок этади. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли жойларда аҳоли, айниқса, ёшларни кўпроқ қамраб олинади. Ҳозирда тўрт минг китоб бўлган кутубхона фондида 400 мингдан зиёд асарлар мавжуд.
[gallery-22934]
Тадбир давомида фольклор жамоалар, мактаб ўқувчилари томонидан халқ оғзаки ижодига оид қўшиқлар ижро этилди. Таниқли шоирларнинг шеърлари ўқилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА