Бугун эрта тонгдан Термиз давлат университети ахборот-кутубхона марказининг очиқ майдонида “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари кўтаринки руҳда бошланди.
Вилоят китобсеварлари байрами мамлакатимизда ўтказилаётган IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Термиз давлат университети, Адиб Собир Термизий номли вилоят ахборот-кутубхона маркази ва бошқа ташкилот, муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев, Термиз давлат университети проректори О.Шофиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Олламуродов ва бошқалар мамлакатимизда китобхонлик ва китоб мутолаасига давлат даражасида қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Китобхонликнинг инсон камолотидаги беқиёс ўрни, чуқур билим ва юксак маънавиятга эга ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамияти тўғрисида гапирилди.
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида ”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда воҳада 35 та китоб дўкони, 1 минг 72 кутубхона аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 14 таси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг вилоят ва туман ахборот-кутубхона марказлари, 960 таси вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси, 54 таси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси, 9 таси маданият бошқармаси, 1 таси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, 6 таси олий таълим муассасалари, 14 та ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига қарашли кутубхоналардир.
Воҳадаги зиё масканлари 2 миллион 500 мингга яқин бадиий адабиёт, дарслик ва соҳавий китоб фондига эга.
–Вилоятда аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Заҳириддин Тўраев. – Ахборот - кутубхона марказлари янги китоб фонди билан бойитилаётир. Жумладан, биргина ўтган йили вилоят ҳамда туманлар ахборот-кутубхона марказларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази 100 миллион сўмлик ва туманлар ахборот-кутубхона марказларининг ҳар бири 50 миллион сўмлик янги нашр этилган китоблар билан таъминланди. Жорий йилда эса “Юз минг китоб” акцияси ўтказилиб, янги чоп этилган бадиий адабиётлар етказилди.
Ўтган йили Термиз шаҳрида узоқ йиллар эътибордан четда қолган “Бобур” боғи негизида ташкил этилган “Ёшлар сайилгоҳи”да ёшларни китобхонликка чорлаш учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг 1 минг 500 дан ортиқ дурдона асари, зарур компьютер жамланмалари билан таъминланган “Очиқ осмон остида кутубхона” иш бошлади. Бепул WI-FI зона ташкил этилди. Электрон китоблардан фойдаланиш имконияти яратилди. Овоз кучайтиргич ёрдамида янги китоблар тарғиботи, аудио китоблар тақдимоти йўлга қўйилди. Шунингдек, Термиз шаҳрида фойдаланишга топширилган “Ватанпарварлар” ҳарбий-ватанпарварлик боғида ҳам “Очиқ осмон остида кутубхона” барпо этилиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг 4 мингдан ортиқ дурдона асарлари жойлаштирилди. Бойсун туманидаги ҳамиша ёшлар билан гавжум хиёбонда Очиқ осмон остида мини-кутубхона ишга туширилди. Бу лойиҳа болалар ва катталарни 24 соат китоб билан таъминлаш имконини берди. Ўқувчи мини-кутубхонадаги бирор китобни уйига олиб бориб ўқигач, унга қўшиб яна бир китоб ташлаб кетиш тартиби жорий этилди. Бойсунликлар шу ташаббус орқали ҳам бир-бирларига зиё улашмоқда.
Вилоятда анъанавий ташкил этилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” ҳам жамият ҳаётига эзгу қадрият ва анъаналаримизни чуқур сингдириб, халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқа ёзувчи, адабиётшунослар билан қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этиш, китоб сайллари, мамлакатимиз нашриётларида чоп этилган янги маҳаллий ва хорижий асарлар, ёш ижодкорларнинг китоблари тақдимотлари, китобсеварлар учун маҳорат дарслари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Энг садоқатли сирдош дўст –китоб ва ёшлар ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтайдиган “Китобхонлик ҳафталиги” 25 апрелгача давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири