Китобхон оналарга коммунал тўловлари тўлаб берилади
Андижон туманида “Маърифатли она” китобхонлик кўрик-танлови эълон қилинди.
Туман ҳокими Бобуржон Юлдашевнинг ташаббуси билан ташкил этилган танлов туманда истиқомат қилаётган маърифатпарвар аёллар сафини кенгайтириш, 45 ёшгача оналарнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг китобхонликда фарзандларига намуна ҳамда ибрат бўлишларини тарғиб этиш кўзда тутилган.
– Китоб инсон тафаккурини чархлайди, – дейди Андижон тумани ҳокими Б.Юлдашев. – Китоб ҳамма даврларда инсонларга яқин дўст, ҳамроҳ ва доно маслаҳатчи бўлиб келган. Шу маънода оналар ёшларимизни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириши, мутолаа маданиятини юксалтириши ўйлайманки, ижобий самаралар беради.
Танловда ўқишга тавсия этилган китоблардан энг кўп китоб ўқиган, белгиланган шартлар асосида китобхонлик бўйича билим ва салоҳиятини намойиш этиб, биринчи ўринни олган уч нафар онага олти ойлик, уч нафар иккинчи ўринни олган аёлга 4 ойлик, уч нафар учинчи ўринни олган аёлга 2 ойлик хонадонларининг коммунал тўловлари, яъни электр энергияси, газ, ичимлик суви ва чиқинди учун тўланадиган тўловлари тўлаб берилади.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА мухбири