Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Китобхон оналар” номли тадбир ўтказилди.
Азалдан ота-боболаримиз китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Чунки китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ у кекса киши бўлсин, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади.

Тадбирда зиёли аёллар, турли ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилиб, ҳозирда нафақа гаштини сураётган онахонлар ўзлари мутолаа қилган илмий ва бадиий китоблар, улардаги кечинмалар, асосий қаҳрамонларнинг ибратли ҳаёти хусусида мулоҳазаларини билдирди.

–Нафақада бўлишимга қарамай, бўш вақтимда бадиий китоблар ўқийман, – дейди Навоий шаҳридаги “Чинор” маҳалласида истиқомат қилувчи онахон Матлуба Ҳамроева. – Уйимдаги мўъжазгина кутубхонамда ўзбек адибларининг жуда кўплаб бебаҳо китоблари жамланган. Ҳар сафар Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеърларини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўқийман. Чунки бу улуғ шоирларнинг ҳар бир шеърида ҳикмат бор. Улардан ўзимга катта маънавий озуқа оламан. Бу китоблардан илҳомланиб, ўзим ҳам шеърлар машқ қиламан.
Тадбирда шаҳарнинг “Гулзор” маҳалласида истиқомат қилувчи онахон Жонгул Сатторова, “Истиқлол” маҳалласидан Навбаҳор Рўзимуродова, “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Саида Хўжамова, “Мурувват” маҳалласида яшовчи Феруза Ҳамидова ва бошқалар китобнинг инсон тарбиясидаги ўрни ва аҳамиятини бадиий асарлардаги қаҳрамонлар ҳаётига боғлаган ҳолда тушунтириб берди.
Тадбир сўнгида китобхон оналарга вилоят Ахборот-кутубхона марказига харид қилиб олиб келинган янги адабиётлар ҳақида маълумот берилди.
А.Бўриев, ЎзА