Андижонда “Китобсевар миллат” шиори остида IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият-маърифат маркази вилоят бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон вилоятида ҳам қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
З.М.Бобур номли вилоят ахборот -кутубхона марказида ҳафталик очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Элёрбек Холмирзаев, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Тожибоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, олим, ёзувчи Абдужаббор Обидов сўзга чиқди. Унда мамлакатимизда юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, “Китобхонлик ҳафталиги” мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
–Вилоятимизда “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган тадбирлар, жумладан, китоб ярмаркалари, акциялар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, турли танловлар ўтказилади, – дейди вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Элёрбек Холмирзаев. – Ана шу тадбирлар, шубҳасиз, ҳар бир юртдошимизни китобхонликка чорлайди.
Ҳафталик доирасида вилоят ахборот- кутубхона марказида ўтказилган илк тадбир – бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашуви, андижонлик ижодкорнинг янги китоблари тақдимоти иштирокчи ҳамда китобхонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Дастлаб тадбир меҳмони Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, олим ва ёзувчи Абдужаббор Обидов ўзининг “Сени қизғонаман”, “Буюк Шош ёҳуд кўҳна Тошканд девори”, “Икка жаҳон оворалари” номли китоблари ҳақида гапирди.
Шундан сўнг тадбирда андижонлик ижодкорлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳабиб Сиддиқнинг “Нимкоса” (янги нашри), Восит Аҳмаднинг “Шўрликкина китобим”, ёш ижодкор Гулирухсор Умматованинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган шеърий тўплами, Нажмиддин Икромийнинг уч китобдан иборат “Сарҳисоб”, ижодкорлар Иброҳим Аҳмедовнинг “Дилнавоз садолар”, шунингдек, ёзувчи ва таржимон Улуғбек Абдусаломовнинг қирғиз тилидан таржима қилган “Кўк ялов” номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда сўз олган муаллифлар ўз китобларининг мазмун-моҳияти, яратилиш тарихи ҳақида маълумотлар берди. Ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб тарғиботи, китобхонлик, мутолаа маданиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
– Китоб инсонни улуғлайди, китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, – дейди тадбир иштирокчиси, ёзувчи ва таржимон Улуғбек Абдусаломов. – Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг фаол аъзосига айланади. Шу маънода ҳафталик доирасидаги тадбирлар шубҳасиз, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги олдидан республика миқёсида онлайн шаклида ўтказилган тадбир ҳам шоир ижодини, китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилди. Ушбу тадбирда андижонлик ижодкорлар фаол иштирок этди. Zоом шаклидаги республика тадбири якунлангандан сўнг шоир ва ёзувчилар, ўқувчи ва талаба- ёшлар, ахборот-ресурс маркази ходимлари иштирокида вилоят Ахборот-кутубхона марказида ўтказилган “Мушоира” тадбирида Муҳаммад Юсуф ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр, мулоҳазалар билдирилди, ёш ижодкорлар улуғ шоирнинг ва ўзлари ёзган шеърлардан намуналар ўқиди.
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китоб билим манбаи”, “Жадидлар – миллий ўзлик ва истиқлол ғоялари асосчиси”, “Китоб менинг ҳаётимда”, “Аждодлардан қолган мерос”, “Китоб маънавият пойдевори”, “Тафаккур хазинаси” каби мавзуларда, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий, адабий тадбирлар, шунингдек, мушоира, китобхонлик марафонлари, акциялари ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳафталик давомида вилоятдаги олий ўқув юртларида “Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси” мавзусида семинарлар, ҳарбий қисмлар ҳамда таълим муассасаларида “Энг фаол китобхон”, “Энг яхши оилавий кутубхона”, лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Шарқ мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндалари асарлари мутолааси” ғазалхонлик танловларининг ташкил этилиши ҳам белгиланган.
[gallery-17060]
– Мазкур тадбирларни ўтказишдан мақсад фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова. – Шу билан бирга, фуқароларимизнинг китобхонлик даражасини янада юксалтириш кўзда тутилган.
Андижонда “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга, уларнинг китобга, адабиётга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари