“Китоблар карвони” Фарғонага етиб борди
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари томонидан нашр эттирилган услубий қўлланма ва рисолалардан таркиб топган 10 номдаги “Китоблар карвони” Фарғона вилоятига етиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларида қатор вазифалар белгиланди.
Ушбу топшириқларни бажариш мақсадида “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Фаровон оила сари” ғояси остидаги ҳафталик ташкил этилмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида институтнинг илмий ходимлари томонидан “Китоблар тақдимоти”, “Илмий-амалий семинарлар”, “Халқаро конференциялар”ни ташкил этиш ва ўтказиш режалаштирилган. Белгиланган вазифалар доирасида “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти ходимлари ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигида нашр эттирилган адабиётлар, илмий-методологик рисолалар, қўлланмалар, брошюраларни вилоятларда фаолият олиб бораётган маҳалла тизимидаги ходимларга ҳамда оила вакилларига етказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Китоблар карвони” акцияси доирасида Фарғона вилоятига адабиётлар тўплами юборилди.

Тадбир доирасида “Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли фаолиятини ташкил этиш”га бағишланган услубий қўлланма, “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатиш”, “Қариндошлар ўртасида никоҳ: сабаб ва оқибатлар” сингари 10 номдаги турли илмий-оммабоп ва методик адабиётлар Фарғона вилояти Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқармасига беғараз тақдим этилди.
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари йўлида бажарилаётгани ва институт илмий салоҳиятини амалиётда қўллаш оилалар мустаҳкамлигини кучайтириш, жамиятда оилавий қадриятларни тарғиб қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётгани, айниқса, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга.
Ушбу амалий ишлар “15 май – Халқаро оила куни” муносабати билан “Фаровон оила сари” ғояси остида комплекс чора-тадбирлар ҳамда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ўтказишни режаси тасдиқланган вазифалар ижросини амалга оширишнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилмоқда.